date
views 104

Ширинликка қарамлик саломатликка қандай таҳдид солади? Сабаб ва ечимлар

Ширинликка қарамлик саломатликка қандай таҳдид солади? Сабаб ва ечимлар
Ҳар бир инсон ҳаётида бир маротаба бўлса-да, ширин таомларга бўлган қаттиқ ҳавасни бошидан кечирган. Шакар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар кўпчилик учун ҳаётнинг ажралмас бир қисмига айланган. Бироқ, айрим мутахассислар шакарни чекиш ёки спиртли ичимликлар каби зарарли одатлар қаторига қўшишни тавсия қилади. Чунки, доимий ва меъёрдан ортиқ шакар истеъмоли нафақат вазн ортишига, балки юрак-қон томир тизими, қандли диабет ва бошқа оғир касалликлар хавфига ҳам сабаб бўлади.

Тананинг қаришига сабаб бўладиган асосий омиллардан бири ҳам айнан шакар экани олимлар томонидан бир неча бор исботланган. Оғизга ширинлик солган инсон юзида эрта ажинлар пайдо бўлиши, сочларининг тез оқариши ва умумий ташқи кўринишнинг ёмонлашиши шу билан боғлиқ. Шунингдек, инсон организмига кирган турли паразитлар, бактерия ва замбуруғлар асосан шакар орқали озиқланади. Улар фаоллашганда, иммун тизими заифлашади ва хилма-хил касалликлар ривожланиш хавфи ошади.

Бир қарашда ширинликка бўлган талаб инсон характеридаги оддий бир жиҳатдек кўриниши мумкин. Аммо, аслида бу ҳолат кўпинча организмдаги ё руҳий ҳолатдаги муаммоларнинг яширин белгиси бўлиб чиқади. Масалан, ширинликка қаттиқ қизиқиш қондаги шакар миқдорининг нотинч бўлиши билан боғлиқ. Одатда, мунтазам нонушта қилмаслик ёки тушликни ўтказиб юбориш, носоғлом ва тез ҳазм бўладиган углеводларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш натижасида организмда глюкоза даражаси кескин тушиб кетади. Бу ҳолатда танамиз энергияни тез тиклаш учун ёқилғи талаб қилади ва энг тез манба — ширинликларга мурожаат қилади.

Шунингдек, баъзан ширин таомларга бўлган кучли иштиёқ организмдаги аниқ моддалар танқислигидан дарак беради. Масалан, магний, хром, рух ёки В гуруҳи витаминларининг етишмовчилиги шоколад, пишириқ ёки конфетларга ҳаддан ташқари талабни кучайтиради. Хусусан, инсон чарчоқ, стресс ёки руҳий зўриқишни бошидан кечираётганда бу эҳтиёж янада кучаяди.

Ширинликка иштиёқ пайдо бўлишининг яна бир сабаби — руҳий ҳолатимиз билан боғлиқ. Ширин маҳсулотлар истеъмоли мияда “бахт гормонлари” — дофамин ва серотонин ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Шунинг учун ҳам инсон ўзини ёлғиз, хафа ёки тушкун ҳис қилганда, мия ширинликни кайфиятни кўтарувчи энг тез восита деб қабул қилади. Кўп ўтмай, бу жараён онгли эмас, балки автоматик одатга айланиб қолади.

Тўғри уйқу тартибининг йўқлиги ҳам ширинликка бўлган муҳаббатни кучайтиради. Етарлича ухламаслик организмда чарчоқни кучайтириб, энергия манбаси сифатида тез ҳазм бўладиган, яъни ширин таомларни танлашга мажбур қилади. Бироқ бу вақтинчалик фойда бўлиб, тананинг тўлиқ тикланишига ёрдам бермайди.

Қизиғи, айрим инсонларда ширинликка бўлган қарамлик турли диеталар ва чекловларнинг оқибатида ҳам пайдо бўлади. Агар сиз узоқ вақт давомида углеводлардан тўлиқ воз кечсангиз ёки ўзингизни қаттиқ чекласангиз, организм бу ўзгаришларга қарши чиқиб, ширинликка бўлган талабни янада оширади.

Ширинликка бўлган қарамликни камайтиришнинг энг тўғри йўли — овқатланиш тартибини мувозанатлаш ва шахсий эҳтиёжларга эътиборли бўлишдир. Шакарни тўлиқ рад этиш шарт эмас, асосийси — соғлом ва тўйимли нонушта қилиш, рационга табиий ширинликлар (мева, қуруқ мевалар) қўшиш, уйқу тартибини йўлга қўйиш ва стрессни бошқаришни ўрганишдир. Одам ўз танасининг ҳақиқий эҳтиёжларига қулоқ тутса, ширинликлар устидан назоратни қайта тиклаш мумкин.

Шундай қилиб, ширинликка қарамлик оддий бир завқ ёки тасодифий одат эмас, балки танамиз ва руҳиятимизнинг аниқ сигналидир. Бу сигналларни тўғри талқин қилиш ва ўз вақтида чора кўриш нафақат ширинликдан халос бўлишга, балки умумий саломатликни яхшилашга ёрдам беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ширинликка қарамлик саломатликка қандай таҳдид солади? Сабаб ва ечимлар