date

Ҳуснбузар ва доғлардан қутулиш учун қайси маҳсулотлардан узоқ юриш керак?

Ҳуснбузар ва доғлардан қутулиш учун қайси маҳсулотлардан узоқ юриш керак?
Сўнгги йилларда ёшлар ва катталар орасида терида ҳуснбузар ва турли доғларнинг пайдо бўлиши ҳақида шикоятлар кўпайган. Бунинг асосий сабабларидан бири сифатида овқатланиш тарзидаги хатолар кўрсатилмоқда. Аслида, ҳар куни истеъмол қиладиган баъзи маҳсулотлар терида ёғлиликни ошириб, безовта қилиши ва ҳуснбузарлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, кўп қаҳва ичиш организмда стресс учун масъул бўлган кортизол гормони ишлаб чиқаришни кескин оширади. Мана шу гормоннинг юқори даражада бўлиши нафақат ички безовталик, балки терининг тузилишида ҳам салбий ўзгаришларга сабаб бўлади. Натижада, юзда ҳуснбузарлар ва турли доғлар кўпайиши кузатилади.

Ёғли пишлоқлар, сут, музқаймоқ ва шу каби маҳсулотлар ҳам тери саломатлиги учун хавф манбаи ҳисобланади. Бу маҳсулотлар ёғ безларини фаол ишлатиб юборади, бу эса поралар (тешиклар)нинг тиқилишига, акнелар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Ширинликлар ва унли маҳсулотлар ҳам теримизга фойдали эмас. Шакар, шоколад, печенье, торт каби ширин таомларни кўп истеъмол қилиш организмда инсулин даражасини оширади. Инсулиннинг юқори даражаси эса терида ёғлиликни кучайтиради, бу эса ҳуснбузарлар пайдо бўлишига олиб келади. Бундан ташқари, бу маҳсулотлар моддалар алмашинувига салбий таъсир кўрсатиб, иммунитетни ҳам сусайтириши мумкин.

Фаст-фудлар – бугунги кунда кўпчиликнинг севимли таомига айланган. Аммо буларнинг таркибидаги сифатсиз ёғлар, майонез ва кетчуплар нафақат ички аъзоларимизга, балки теримизга ҳам зарар етказади. Тез тайёрланувчи таомлар доимо терида янгидан-янги ҳуснбузарлар ва доғлар пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Мутахассислар терининг соғлом ва мусаффо бўлиши учун парҳезга амал қилишни, кўпроқ сабзавот ва меваларни истеъмол қилишни, озуқа рационидан юқорида санаб ўтилган маҳсулотларни имкон қадар чеклашни тавсия этади. Тозалик, соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш тери муаммоларининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади.

Zamin.uz тавсияси: Терингизнинг соғлиғи учун фойдали маҳсулотларни танланг ва зарарли овқатлардан узоқ юринг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ҳуснбузар ва доғлардан қутулиш учун қайси маҳсулотлардан узоқ юриш керак?