
Ўзбекистонда 2025 йилнинг январь—май ойлари давомида овқатдан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиддий рақамлар қайд этилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, бу муддат ичида 14 та заҳарланиш ҳолати рўйхатга олинган ва улар натижасида 42 нафар фуқаро жабрланган.
Қайд этилишича, уларнинг катта қисми — аниқроғи, 10 та ҳолат — уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари билан боғлиқ бўлиб, ботулизм касалликлари қайд этилган. Бу ҳолатларда жабрланганлардан 8 нафари болалар экани алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, яна 3 та ҳолатда овқат токсикинфекцияси аниқланган бўлиб, 13 нафар фуқаро шифохонага ётқизилган, улардан ҳам 8 нафари — болалар. Бундан ташқари, кимёвий моддадан заҳарланиш билан боғлиқ 1 та алоҳида ҳолат ҳам қайд этилган.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил давомида мамлакат бўйлаб 20 184 та умумий овқатланиш корхоналаридан 1 512 тасида (7,49 фоиз) санитария ва гигиена талабларига риоя этилиш ҳолати текширилган. Улардан 664 тасида (3,29 фоизи) қоидалар бузилгани аниқланган.
Бундай ҳолатлар нафақат аҳолининг саломатлиги, балки соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишонч учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Болаларнинг заҳарланиш ҳолатларида юқори улушни ташкил этиши эса ота-оналар ва жамоатчиликни янада ҳушёр бўлишга чорлайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб тахминан 600 миллион киши заҳарли ёки сифатсиз овқат истеъмоли сабабли касалланади. Бу эса хавфли озиқ-овқат маҳсулотлари масаласида назоратни кучайтириш зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Мутасадди идоралар эса аҳолидан уй шароитида консерва маҳсулотларини тайёрлашда эҳтиёткорлик ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда. Мазкур заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишда нафақат давлат идоралари, балки фуқароларнинг ўзлари ҳам масъул экани таъкидланмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар