
Олимлар инсон тишига яқинроқ бўлган инновацион имплантлар яратишди
Тиббиёт ва биоинженерия соҳасида яна бир муҳим ютуқ қайд этилди — олимлар асаб тугаллари билан боғланиб, ҳақиқий тишдек функция бажарадиган янги авлод имплантларини ишлаб чиқишди. Бу “ақлли” тиш имплантлари нафақат ташқи кўриниши, балки ҳис қилиш қобилияти билан ҳам одатий тишларга яқинлашди.
Нерв тугаллари билан боғланади, оғриқни ва ҳароратни ҳис қилади
Янги турдаги имплант тўғридан-тўғри оғиз бўшлиғидаги тўқималарга ўрнатилади, яъни суякка бурғилаб жойлаштириш талаб этилмайди. Унинг асоси илдиз ҳужайраларидан иборат бўлиб, таркибидаги махсус оқсил туфайли имплант инсон организмидаги мавжуд асаб тўқималари билан боғланади. Шу туфайли бундай имплант орқали овқатнинг ҳароратини, қаттиқлик даражасини ва бошқа ҳиссиётларни қабул қилиш мумкин бўлади.
Ҳайвонлар устидан синов муваффақиятли якунланди
Лойиҳа муаллифларининг маълум қилишича, “ақлли имплант” илк бор кемирувчи ҳайвонларда синаб кўрилган. Имплантациядан олти ҳафта ўтгач, имплант тўлиқ фаолият кўрсатган ва асаб сигналларини қабул қилишни бошлаган. Бу эса, уни инсонлар учун клиник синовларга тайёрлаш босқичига олиб келади.
Имплантлар тиббиётда янги даврни бошлаши мумкин
Мутахассислар бундай тиш имплантлари нафақат эстетик, балки функционал жиҳатдан ҳам қўл келишини таъкидлашмоқда. Агар клиник синовлар муваффақиятли кечса, келажакда бу технология ногиронликка олиб келувчи оғиз бўшлиғи касалликларини даволашда катта бурилиш ясаши мумкин.
Янги авлод тишлари яқин йилларда амалиётга кириши мумкин
Ҳозирда ушбу инновация инсонларда синовдан ўтказишга тайёрланмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бундай “ақлли” имплантлар 3-5 йил ичида стоматология амалиётига киритилиши мумкин. Улар нафақат кўринишда, балки функцияси бўйича ҳам ҳақиқий тишларнинг ўрнини босади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар