Замонавий тиббиётда уйқунинг аҳамияти яна бир бор катта илмий таҳлил марказига айланди. Канаданинг Sunnybrook тиббиёт маркази олимлари томонидан олиб борилган янги тадқиқот, “Brain” журналида эълон қилинди ва ўзида кексалар орасидаги уйқу ва мия саломатлиги ўртасидаги мустаҳкам боғлиқликни кўрсатди. Экспериментда невролог Эндрю Лим раҳбарлигида 600 нафардан ортиқ ёши катта одам бир неча йил давомида махсус қурилма ёрдамида уйқуси кузатилди.
Тадқиқот иштирокчилари бошларига ақлли соатга ўхшаш ускунани тақиб, ухлаш жараёнидаги барча физиологик ўзгаришлар қайд этилди. Бундан ташқари, улар вафотидан сўнг ўз мияларини илмга беғараз топширишга розилик беришди, бу эса олимларга тўқималарни чуқур ўрганиш имкониятини яратди.
Қизиқарли хулоса шундаки, тунда тинимсиз уйғониш, чуқур ухлай олмаслик ва бедорлик каби уйқу муаммоларига эга инсонларда мия қон томирларини ўраб турувчи перицитлар сони анча камайиб кетади. Айнан ушбу ҳужайралар мияга озуқа, кислород ва бошқа зарур моддалар етиб боришини таъминлайди, қон айланишига кафолат беради. Перицитлар камайса, мияда қон оқими сустлашади ва натижада хотира, диққат, тафаккур каби функциялар сусаяди.
Бундан аввал, олимлар уйқусизлик деменция ёки алцгеймер касаллиги оқибати, деб ўйлашган эди. Аммо бу илмий ишлар уйқунинг ўзидаги бузилишлар — айниқса, доимий бедорлик, уйқудан тез-тез уйғониш ва уйқунинг чуқур бўлмаслиги — деменциянинг сабабларидан бири эканини кўрсатди.
Тадқиқотчилар уйқу сифатини яхшилашга алоҳида эътибор беришни тавсия қилмоқда. Чунки тўғри ва тўлақонли уйқу фақат танани тикламайди, балки мия саломатлигини сақлашга ёрдам беради ва деменциядан ҳимоя қилади.
Олимлар шундай хулосага келишди: “Инсон ухлаганида унинг мияси тикланади. Агар бу жараёнда муаммо пайдо бўлса, аста-секин бутун фаолият издан чиқади.”
Мазкур натижалар, ёши катта авлод учун ҳам, ёшлар учун ҳам уйқунинг ҳақиқий қадрини билишга чақирувдир. Кундалик ҳаётда уйқу режимини яхшилаш, тиниқ ва тўлиқ ухлашга интилиш ҳар қандай катта муаммоларнинг олдини олиши мумкин. Мияга эътибор — ҳаётга эътибор.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!