Сентябрь ойидан бошлаб Россияда аҳоли замонавий дори-дармонлардан маҳрум бўлиши мумкин. Бу мамлакатда давлат дори харидларида жорий этилаётган янги қоида – «иккинчи ортиқча» тамойили туфайли юз бериши кутилмоқда. Бу ҳақда Pravilamag нашри хабар берди.
Янги тартибга биноан, агар тендерда тўлиқ Россияда ишлаб чиқарилган дори бўлса, чет элдан келтирилган ёки фақат қисман Россияда ишлаб чиқарилган дори воситалари рад этилади. Бу ҳолат аҳолининг баъзи муҳим ва ҳаёт учун зарур дориларни олиш имкониятини йўқотишига олиб келиши мумкин.
Янги чеклов қон компонентлари, психотроп ва наркотик препаратлар, шунингдек, онкологияга қарши айрим дориларни ўз ичига олган 215 номдаги дори воситаларини қамраб олади. Бу рўйхатда ЖНВЛП – (Жизний Необходимые и Важнейшие Лекарственные Препараты) рўйхатидаги воситалар ҳам мавжуд.
Всероссийский союз пациентов (Россия Пациентлар уюшмаси) ва бошқа соҳа мутахассислари бу қарор сунъий монополияга олиб келиши, танловни чеклаши ва натижада айрим муҳим дорилар нархи ошиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар техник жиҳатдан баъзи замонавий препаратларни тўлиқ аналог сифатида таклиф қила олмайди. Шу сабабли, беморлар юқори сифатли халқаро стандартларга жавоб берадиган даволаш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!