date

Ортиқча туз ҳаётингизни қисқартириши мумкин – мутахассислар огоҳлантирмоқда

Ортиқча туз ҳаётингизни қисқартириши мумкин – мутахассислар огоҳлантирмоқда

Кўпчилик тузни фақат таомнинг мазасини чиқарувчи оддий зиравор деб билади ва уни ошхонада қўшиладиган миқдор билан чегаралайди. Аммо аслида тузнинг асосий қисми инсон организмига ярим тайёр маҳсулотлар, колбаса, чипс, консерва, нон ва бошқа қайта ишланган овқатлар орқали кириб келади. Шу сабабли кўплаб одамлар ўзлари билмаган ҳолда меъёрдан икки-уч баробар кўпроқ туз истеъмол қилади.

Туз организм учун зарур моддалардан бири бўлса-да, унинг ортиқчалиги қон ҳажмини ошириб, юрак ва томирларга ортиқча босим беради. Бу эса артериал гипертензия, инсулт, юрак хуружи каби хавфли касалликлар ривожланиш эҳтимолини бир неча баробар оширади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) катталарга кунлик туз миқдорини 5 грамм (бир чой қошиқ)дан оширмасликни тавсия қилади. Бироқ тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кўпчилик одамлар бу меъёрни икки-уч баробаргача ошириб юборади. Масалан, дунё бўйича ўртача кунлик натрий истеъмоли 4310 мг бўлиб, бу тахминан 10,78 грамм тузга тенг.

Яширин туз манбалари
Кўпчилик туз истеъмолини фақат ошхонадаги қўшилган миқдор билан ўлчайди, аммо унинг катта қисми қуйидаги маҳсулотлардан келади:

  • колбаса ва сосискалар

  • консерва ва тайёр таомлар

  • чипс ва тузли ёнғоқлар

  • нон ва нон маҳсулотлари

Бу маҳсулотларда туз миқдори кўпинча меъёрдан бир неча баробар ортиқ бўлади.

Ортиқча тузнинг саломатликка таъсири

  1. Қон босими ошиши – Натрий организмда сувни ушлаб қолиб, қон ҳажмини кўпайтириши натижасида қон босими ошади. Узоқ муддатли гипертензия юрак хуружи, инсулт ва буйрак етишмовчилиги хавфини оширади. Илмий маълумотларга кўра, кунлик туз миқдорини ҳатто 1 граммга камайтириш қон босимини пасайтиради ва юрак-қон томир касалликлар хавфини камайтиради.

  2. Буйракларга юклама ортиши – Буйраклар ортиқча натрийни сийдик орқали чиқариш учун кўпроқ ишлайди. Бу уларнинг зўриқишига, сурункали касалликлар ва тош ҳосил бўлиш хавфига олиб келиши мумкин.

  3. Суяк ва мушаклар заифлашуви – Натрий ортиқча бўлганда, суяклардан калций “ювилиб” чиқади ва остеопороз хавфи ошади. Мушакларда эса калий-натрий мувозанати бузилиши туфайли спазм ва кучсизланиш кузатилиши мумкин.

  4. Ошқозон саратони хавфи – Юқори миқдордаги туз ошқозон шиллиқ қаватини шикастлаб, Helicobacter pylori бактерияси фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Бу эса яллиғланиш, яра ва саратон ривожланишига йўл очади.

  5. Мия фаолиятига таъсир – Ортиқча туз қон томирларнинг эластиклигини пасайтиради, мияга қон оқимини ёмонлаштиради ва хотира, диққат, фикрлаш каби когнитив функцияларни сусайтиради. Айрим тадқиқотлар бундай ҳолат деменция ва Алцгеймер касаллиги хавфини ҳам оширишини кўрсатган.

Туз истеъмолини камайтириш бўйича тавсиялар

  • Тайёр маҳсулотлар ёрлиқларидаги туз миқдорига эътибор беринг

  • Таомга туз ўрнига кўкат ва зираворлар қўшинг

  • Ярим тайёр ва қайта ишланган овқатларни истеъмолини камайтиринг

Ортиқча туздан воз кечиш юрак, буйрак, суяк ва мия саломатлигини асраб, келажакдаги кўплаб хавфли касалликларнинг олдини олади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Ортиқча туз ҳаётингизни қисқартириши мумкин – мутахассислар огоҳлантирмоқда