date

Олимлар алкогол жигарни қандай вайрон қилиши сирини очди

Олимлар алкогол жигарни қандай вайрон қилиши сирини очди

Спиртли ичимликлар инсон саломатлигига энг кўп зарар етказадиган омиллардан бири ҳисобланади. Унинг таъсири энг аввало жигарга қаратилган, чунки жигар организмда алкоголни қайта ишлашга масъул асосий орган сифатида танилади.

Статистик маълумотларга кўра, 2000–2021 йиллар оралиғида бутун дунёда алкоголга боғлиқ жигар касалликлари сабабли содир бўлган ўлим ҳолатлари 32,6 фоизга кўпайган. Шу билан бирга, жигар саратони ҳолатлари қарийб икки баробарга — 94 фоизга ортган. Шунга қарамай, узоқ вақт давомида олимлар спирт таъсирида организмда юзага келадиган касалликларнинг асл механизмини тўлиқ очиб бера олмаган ва уларни самарали даволаш йўлларини топиш ҳам қийин бўлган.

Калифорния университети тадқиқотчилари эса масалага янгича ёндошиб, спиртли ичимликларни узоқ вақт истеъмол қилувчи беморларнинг ичак фаолиятини ўрганишди. Улар аниқлашича, ичакда М4 деб номланган махсус рецептор мавжуд. Бу рецептор “чегара пости” вазифасини бажаради: бактерияларни текшириб, фақат зарарсиз қисмларини иммун тизимига узатади. Яъни, бундай жараёнда микроблар худди “ҳужжат назорати”дан ўтади.

Бироқ алкогол қабул қилинганда ушбу рецепторнинг фаолияти издан чиқади. Натижада ичакдаги назорат тизими йўқолиб, бактериялар тўсиқсиз чиқиб кетади ва тўғридан-тўғри жигарга йўналади. Бу эса органда кучли яллиғланиш жараёнига сабаб бўлади. Оддий қилиб айтганда, спиртли ичимликлар зарарли бактериялар учун жигарга кенг йўл очиб беради.

Олимларнинг бу хулосаси фақат беморлар мисолида эмас, балки лаборатория тажрибаларида ҳам тасдиқланди. Узоқ муддат давомида спиртли ичимлик берилган сичқонларда ҳам М4 рецепторининг иш фаолияти пасайиб, ичакдаги “чегара назорати” бутунлай ишдан чиққан. Зарарли микроблар жигарда тўпланиб, яллиғланишни кучайтирган, шунингдек жигар ҳужайраларида ёғ йиғилиши — стеатоз пайдо бўлган. Мутахассислар бу ҳолатларни алкоголга боғлиқ жигар касалликларининг асосий белгилари сифатида қайд этишди.

Энг қизиғи, олимлар тажриба жараёнида ишдан чиққан М4 рецепторини қайта фаоллаштириш имкониятини ҳам кашф қилишди. Улар организмдаги бошқа сигнал тизимидан фойдаланиб, рецепторни қайта “ишга тушириш”га муваффақ бўлишди. Бунинг натижасида:

– Ичакдаги назорат тизими яна ишлай бошлади, бактериялар эндиликда бемалол ўтолмай қўйди;
– “Ҳужжат текшируви” қайта тикланди ва зарарли микроблар жигарга киришдан тўсилди;
– Жигар бактериялар ҳужумидан ҳимояланди, яллиғланиш пасайди ва тикланиш жараёни тезлашди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, яқин келажакда М4 рецепторини хавфсиз ва самарали йўл билан ишга тушириш усули жигар касалликларини даволашда катта илмий ва тиббий ютуқка айланиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Олимлар алкогол жигарни қандай вайрон қилиши сирини очди