date

Кузда аллергик касалликлар нима сабабдан авж олади?

Кузда аллергик касалликлар нима сабабдан авж олади?

Юртимизда кузнинг илк ҳафтаси кириб келди. Бу вақтда аста-секин кунлар салқинлашиб, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва тушиши билан организмга таъсир кўрсатади. Шу сабабли кўпчиликда иммунитет мажбурий равишда сусайиши кузатилади ва натижада турли хил касалликлар, шу жумладан мавсумий аллергия ҳам авж олиши мумкин.

Хўш, бу касаллик қўзғалиши қайси омиллар билан боғлиқ ва унинг белгилари нима? Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Розиқова маълумот берди.

“Ҳозирча ёғинли кунлар бошлангани йўқ. Юртимиз иқлим шароитида сентябрь, октябрь ва ҳатто ноябрь ойлари ҳам нисбатан илиқ ўтади. Шу боис, ёғингарчилик келгунга қадар ўсимлик чанглари ўз аллергик хусусиятини сақлаб қолиши табиий ҳолатдир. Бу — биринчи омил.

Иккинчи омил ёмғирдан сўнг замбуруғ споралари ҳавога юқори концентрацияда чиқиши билан боғлиқ. Шу сабабли бу даврда замбуруқка нисбатан аллергик ҳолатларнинг оғир ва мураккаб формалари кўпроқ учрайди.

Учинчи омил — хазонрезги жараёни. Чунки куз ойларида дарахт ва буталардан тушган япроқларда замбуруғ споралари энг кўп учрайди. Бундан ташқари, аллергенлар зах ёки моғорлаган хоналар ва ертўлаларда ҳам учраб туради.

Тўртинчи омил — салқин ҳароратда кўпчилик асосий вақтини ёпиқ иншоотлар, хонадонлар ичида ўтказиши табиий. Бундай шароитда уй чанги, ит ва мушук сингари уй ҳайвонларининг юни ҳам аллергик симптомларни кучайтиради.

Аллергик реакциялар қатор белгилар билан намоён бўлади: бурун битиши, қичишиши ёки кўп миқдорда оқиши, кўзларнинг шишиши ва ёшланиши, аксириш, ҳорғинлик ва баъзан йўтал.

Шу каби аломатлар кузатилса, беморлар ўз вақтида мутахассисга мурожаат қилиши муҳим. Хусусан, марказимизда бундай касалликлар учун илғор усуллар орқали аниқ ташхислаш ҳамда самарали даволаш йўлга қўйилган.

Профилактик чоралар ҳам катта аҳамиятга эга. Хонадонлар ҳовлиси, айвонлар, тарнов ва мўриларни тўкилган барглардан доимий равишда тозалаш керак. Ҳаммом ва ошхона каби намлик юқори бўлган жойларда моғор ҳосил бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Шунингдек, яхши исимайдиган ва зах хоналарда аллергенлар концентрацияси ортиб, аллергик ринит, конъюнктивит ёки астма аломатлари кучайиши мумкин. Хоналарни тез-тез тозалаш ва шамоллатиб туриш орқали аллергик симптомларни камайтириш мумкин”, — дейди мутахассис.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Кузда аллергик касалликлар нима сабабдан авж олади?