Қалампир нафақат мазали, балки шифобахш маҳсулот сифатида ҳам қадрланади, деб таъкидланмоқда тиббий ва гастрономик тадқиқотлар давомида. Ушбу қадимий зиравор инсоният тарихида минглаб йиллардан буён турли халқлар ошхонасида ва табобатда кенг қўлланиб келинган. У таомларга ўзига хос ўткир таъм бағишлаб, бир вақтнинг ўзида саломатлик учун бир қанча фойдали таъсир кўрсатади.
Қалампирнинг асосий шифобахш хоссаси унинг таркибидаги капсаицин моддаси орқали амалга ошади. Бу бирикма асаб тизимини фаоллаштиради, оғриқни камайтиради ва яллиғланишни пасайтиради. Шунингдек, унда А, С ва Е витаминлари, темир, калий, магний, бета-каротин каби организм учун фойдали моддалар ҳам мавжуд бўлиб, улар иммунитетни мустаҳкамлаш, ҳужайралар тикланиши ва умумий саломатликни сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қалампир озишга ёрдам берадиган маҳсулотлар қаторида эътироф этилади. Чунки у метаболизмни тезлаштиради, яъни овқат ҳазм қилиш жараёнини фаоллаштиради. Бунда организмдаги ортиқча ёғлар парчаланиши жадаллашади ва соғлом вазнни сақлаш осонлашади. Шу боис, парҳез тутаётган кишилар таомларига эҳтиёткорлик билан ва миқдорини ҳисоблаб қўшиши тавсия этилади.
Шунингдек, қалампир қон айланишини яхшилайди, қон томирларни кенгайтиради, юрак-қон томир тизими фаолиятини фаоллаштиради. Шу жиҳатдан, у гипотония, яъни паст қон босими муаммоси бор кишилар учун фойдали бўлиши мумкин. Бироқ юқори қон босими билан оғриганлар уни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиши зарур.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!