Инсон саломатлигида уйқунинг аҳамияти кўп марта таъкидланса-да, олимлар сўнгги тадқиқот орқали унинг нақадар ҳал қилувчи омил эканини яна бир бор исботлади. Чунки уйқу тартиби бузилиши камида 172 турдаги касалликка йўл очиши мумкинлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Science журналига асосланиб хабар қилинди.
Маълумотларга кўра, тадқиқотда Британия био-банкининг 88 мингдан ортиқ иштирокчиси ҳақидаги маълумотлар таҳлил қилинган. Ушбу маълумотлар Хитойнинг Пекин университети тиббиёт илмий маркази олимлари томонидан ўрганилган. Улар одамларнинг циркад ритмлари — яъни уйқу ва уйғониш вақти қанчалик барқарор эканлиги билан саломатлик ҳолати ўртасидаги боғлиқликни чуқур ўрганишди.
Уйқу ва касалликлар ўртасидаги узвий боғлиқлик
Олимлар фикрича, агар инсон уйқуга боғлиқ салбий одатларга эга бўлса, ўнлаб хасталиклар пайдо бўлиши хавфи кескин ошиб кетади. Масалан, агар бирор киши ҳар кеч соат 00:30 дан кейин ухлашни одат қилса, унда жигар циррозига чалиниш эҳтимоли 257 фоизга ошиши мумкин.
Бундан ташқари, кундалик уйқу тартибида катта ўзгаришлар кузатилса, бу холат узоқ муддатда (6,8 йил давомида) гангрена ривожланиши эҳтимолини қарийб уч баробар оширади.
Одатлар ва оқибатлар
Мутахассислар таъкидлашича, кўпчилик одамлар кечқурун спиртли ичимликлар истеъмол қилиши сабабли ётиш вақтини кечиктиради. Шунинг учун ҳам жигар билан боғлиқ касалликлар хавфи ортиши мумкин. Шунингдек, уйқу вақти доим ўзгариб турса, инсоннинг бошқа соғлом одатларга — масалан, парҳезга ёки жисмоний машқларга ҳам жиддий эътибори сусаяди. Бу эса юрак-қон томир касалликлари ва қандли диабетдан тортиб, иммунитет билан боғлиқ хасталиклар ривожланишига замин яратади.
Олимлар хулосаси
“Биз аниқладикки, мунтазам ва тўйиб ухлаш аҳамияти ҳали ҳам етарлича қадрланмаяпти”, — дейди тадқиқот муаллифи Шенфен Ван. Унинг сўзларига кўра, кеч ухлаш салбий таъсир кўрсатади, бироқ яна бошқа омиллар ҳам мавжуд.
Шу билан бирга, агар инсон кеч бўлса-да, соат 01:00 гача ухлаб қолса ва камида эрталаб соат 08:00 гача тўйиб ухласа, бу унчалик хавфли ҳисобланмайди. Мутахассислар эслатишича, асосийси — уйқудан воз кечмаслик, ҳаёт тарзи танловини соғлиққа хавф туғдирмас даражада йўлга қўйишдир.
Хулоса
Демак, уйқуга бефарқ қараш юзлаб касалликлар учун йўл очиши мумкин. Инсон ҳаётида тўғри уйқу тартиби сақланса, нафақат саломатлик мустаҳкамланади, балки умр сифат ҳам сезиларли даражада яхшиланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!