date

Хавотир ва тушкунлик қон босимини неча марта ошириши маълум бўлди

Хавотир ва тушкунлик қон босимини неча марта ошириши маълум бўлди

Артериал гипертензия — дунё бўйича энг кенг тарқалган касалликлардан бири сифатида қайд этилади. Бу хасталик билан оғриганлар орасида ҳар ўнинчи бемор дори воситалари ёрдамида ҳам тўлиқ самарага эриша олмаётгани мутахассисларни ташвишга солмоқда. Сеченов университети олимлари олиб борган тадқиқотлар бу муаммонинг яна бир жиддий сабабини очиб берди. Уларга кўра, қон босими ошишига фақатгина физиологик омиллар эмас, балки руҳий ҳолат — хавотир ва депрессия ҳам катта таъсир кўрсатади.

Олимларнинг маълумотича, гипертонияга чалинган беморларнинг қарийб 36,8 фоизи турли даражадаги хавотир ёки тушкунлик ҳолатларидан азият чекишади. Психиатрия ва психосоматика кафедраси мудири, Клиник тиббиёт институти директори Беатриса Волел бу ҳақда шундай дейди: «Хавотир ва тушкунлик қондаги ўзгаришларга олиб келади. Хусусан, қон қуюқлашиши, тромблар ҳосил бўлиш хавфи ошиши, юрак уриши тезлашиши ва қонда глюкоза миқдори кўпайиши кузатилади».

Мутахассислар таъкидлашича, руҳий ҳолатнинг таъсири айниқса кексаларда яққол сезилади. Масалан, хавотир ёки депрессия билан юрган эркакларда гипертония хавфи 3,6 марта, аёлларда эса 7 марта юқори бўлади. Ўрта ёшлилар орасида ҳам бу кўрсаткич икки баравар ошиши мумкин.

Қизиғи, кўпгина беморлар инфаркт ёки инсульт хавфидан қўрқиб, доимий ваҳимага тушиб қолишади. Натижада қон босими янада ошиб, саломатлик ҳолати ёмонлашади. Профессор Волелнинг фикрича, бу зaнжирли реакция сингари жараён бўлиб, беморни янада оғир аҳволга тушириши мумкин.

Тадқиқотчиларнинг умумий хулосасига кўра, гипертония ташхиси ва даволаш жараёнида албатта беморнинг психик ҳолати ҳам чуқур ўрганилиши зарур. Шунга кўра, келгусида кардиологлар ва руҳшунослар биргаликда иш олиб боришлари, ҳамкорликда индивидуал ёндашувлар ишлаб чиқишлари шарт.

Мутахассислар аҳолини нафақат дори воситалари билан, балки соғлом турмуш тарзи, стрессни камайтириш, тўғри дам олиш ва руҳий саломатликни қўллаб-қувватлаш орқали ҳам гипертониядан асраш мумкинлигини урғулашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Хавотир ва тушкунлик қон босимини неча марта ошириши маълум бўлди