Янги ҳисоботга кўра, дунёда ҳар учинчи ўлим юрак-қон томир касалликлари билан боғлиқ. Тадқиқот 1990–2023 йиллар оралиғида 204 мамлакатда тўпланган маълумотлар асосида тайёрланган.
1990 йилда юрак ва қон томир касалликлари сабаб 13,1 миллион киши ҳаётдан кўз юмган бўлса, 2023 йилга келиб бу рақам 19,2 миллионга етди. Маълумотларга кўра, кўпчилик минтақаларда эркаклар ўлим даражаси аёлларга нисбатан юқорироқ.
Юрак-қон томир касалликлари DALY кўрсаткичи — соғлом ҳаёт йилларининг йўқотилишига энг кўп таъсир этувчи омил ҳисобланади. Бунга бевақт ўлим ёки ногиронлик асосий сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, ушбу касалликларнинг олдини олиш мумкин. Семизлик, юқори қон босими, қанд ва холестерин миқдорининг кўтарилиши — хавфнинг асосий омиллари.
Тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ва мунтазам шифокор кўригидан ўтиб туриш юрак-қон томир касалликлари ривожланиш эҳтимолини сезиларли даражада камайтиради.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!