
Уйқунинг сурункали бузилиши ва доимий хавотирланиш фақат руҳий ҳолатга эмас, балки инсон танасининг бошқа тизимларига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Саудия Арабистонидаги Тоиб университети мутахассислари айнан шундай хулосага келди. Уларнинг илмий тадқиқот натижалари нуфузли Frontiers in Immunology журналида эълон қилинди.
Олимлар янги иш доирасида 17 ёшдан 23 ёшгача бўлган аёллар гуруҳини ўрганди. Тадқиқот иштирокчилари аввал умумий хавотир бузилиши ва уйқусизликка оид тиббий скринингдан ўтказилди. Шундан сўнг, улардан лаборатор таҳлиллар учун қон намуналари олинди ва организмдаги иммунологик кўрсаткичлар чуқур таҳлил қилинди.
Натижалар хавотирли бўлиб чиқди. Аёлларнинг тахминан 75 фоизида хавотир белгилари, 50 фоиздан ортиғида эса уйқу бузилиши аниқланган. Энг муҳими, айнан шу гуруҳда айланиб юрувчи табиий киллер ҳужайралар — НК-ҳужайралар миқдори кескин камайгани кузатилган. Хусусан, CD16+ ва CD56+ туркумига мансуб ҳужайралар даражаси пасайган. Бу ҳужайралар вируслар ва ўсма ҳужайраларини тезда йўқ қилишда ҳал қилувчи рол ўйнайди.
Олимлар фикрича, ушбу маълумотлар психологик омиллар иммунитетни бевосита заифлаштириши мумкин, деган илмий тахминни яна бир бор тасдиқлайди. Чунки табиий киллер-ҳужайралар организмнинг биринчи ҳимоя чизиғи ҳисобланади. Уларнинг етишмаслиги нафақат мавсумий шамоллаш ва инфекцияларга чалиниш хавфини оширади, балки хавфли ўсмалар ривожланиши устидан иммун назоратни ҳам сусайтиради.
Тадқиқот муаллифлари профилактика масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Улар иммунитет бузилишларининг олдини олиш бўйича тиббий протоколларга уйқу сифатини яхшилаш ва руҳий ҳолатни барқарорлаштириш чораларини киритиш зарур, деб ҳисоблайди. Яъни, саломатлик фақат дорилар билан эмас, балки ҳаёт тарзи ва психоэмоционал ҳолат орқали ҳам муҳофаза қилиниши керак.
Албатта, тадқиқот иштирокчилари сони чекланган. Шунга қарамай, олинган натижалар психонейроиммунология соҳасидаги алоқаларни янада чуқур ўрганиш учун мустаҳкам асос яратади. Илмий гуруҳ келгусида кенгроқ демографик қатламларда узоқ муддатли тадқиқотлар ўтказишни режалаштирмоқда. Асосий мақсад — хавотирли бузилишлар даволанганда иммунитет қандай тикланишини вақт давомида кузатиш.
Хулоса шуки, уйқу ва руҳий хотиржамлик нафақат кайфият, балки иммун тизим саломатлиги учун ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.