Лондондаги Энфилдда 60 дан ортиқ болада қизамиқ аниқланди

Энфилд ҳудудида 60 дан ортиқ болада қизамиқ касаллиги қайд этилди. Бу ҳақда 14 февраль куни The Guardian нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳудуддаги еттита мактаб ва болалар боғчасида касаллик ҳолатлари аниқланган. Айрим болалар шифохонага ётқизилган. Мутахассислар касалликнинг тез тарқалаётганига ҳудудда эмлаш қамрови паст экани асосий сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.
UK Health Security Agency ҳисоб-китобларига кўра, агар вазият ўз вақтида назоратга олинмаса, Лондон шаҳрида 40 мингдан 160 минг нафаргача одам қизамиқ юқтириши мумкин.
Энфилд жамоат саломатлиги директори — Дуду Чер-Арами — қизамиқ ҳозирда пойтахт учун жиддий хавфга айланаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Лондон мамлакат бўйича қизамиққа қарши эмлаш даражаси энг паст бўлган ҳудудлар қаторига киради.
Айни пайтда Энфилд ҳудудида вақтинчалик эмлаш марказлари ташкил этилган. Шунингдек, ота-оналарга болаларни эмлатиш зарурлиги ҳақида расмий огоҳлантирувчи хатлар юборилмоқда.
Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган, жуда тез тарқалувчи вирусли касаллик ҳисобланади. У айниқса ёш болалар учун хавфли бўлиб, айрим ҳолатларда ўлимга ҳам олиб келиши мумкин. Мутахассислар маълум қилишича, қизамиққа қарши эмлаш тахминан 97 фоиз самарали ҳисобланади. Эмланмаган шахс касалланган одам билан алоқа қилган тақдирда деярли 100 фоиз ҳолатда вирусни юқтириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!