22:53 / 16.01.2022
1 673

«Шифохонамизга оддий ЎРВИ билан келиб, омикрон юқтириб кетасиз» — Зангиота-2 шифохонаси директори

«Шифохонамизга оддий ЎРВИ билан келиб, омикрон юқтириб кетасиз» — Зангиота-2 шифохонаси директори
Тошкент вилоятидаги Зангиота-2 ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисига мурожаат қилиб, эҳтиёж бўлмаган ҳолларда юқумли касалликларни даволаш муассасаларига бормасликка чақирди. Бу ҳақда Repost'га таяниб "Дарё" хабар қилди.

Қайд этилишича, шифохона директори ўз хабарида Зангиота-1 ва Зангиота-2 муассасаларига мурожаатлар кескин кўпайгани ҳақида гапириб ўтган. Қўнғироқларнинг аксарияти коронавирусга экспресс-тест ўтказиш билан боғлиқ бўлиб, ҳар куни, тахминан, 150-170 нафар инсонда касаллик аниқланади.

«Шифохонамизга ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) билан оғриб келишингиз оқибатида омикрон штаммини юқтириб олишингиз мумкин. Баъзи одамлар эса шериклари билан келиб олади, улар нафақат ўзини, балки яқинларини ҳам хавф остига қўяди. Ҳаммадан илтимос қиламан, тушуниб олинг: Зангиота-1 ва Зангиота-2 касалхоналари COVID-19 асорати билан оғриган беморларни даволаш учун ташкил этилган. Юқумли касалликларни даволаш муассасаларига алоҳида эҳтиёж бўлмаган тақдирда ташриф буюриш бефойда», — дея ёзган у.

Дониёр Миразимов, шунингдек, эндиликда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида ташкил этилган COVID клиникаларда коронавирус тестини топшириш мумкин эканини айтган. Бундан ташқари, ҳудудлардаги СЭС бўлинмаларида ҳам экспресс-тест синовлари ўтказилади.

«Касалликнинг илк белгилари пайдо бўлганда барча фуқароларни махсус поликлиникалар ва СЭСнинг туман бўлимларига мурожаат қилишга, шу йўл билан бизга ўз ресурсларимизни оғирроқ аҳволдаги беморларни даволаш учун сарфлаш имконини беришга чақираман», — сўзларини якунлаган шифохона директори.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 1 тадан махсус поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилганди. Тиббий-санитария муассасалари ва хизмат кўрсатиш йўналиши яқин бўлган 4 та диспансер ҳамда 8 та оилавий поликлиника биносида иш бошлаган мазкур муассасалар аҳолига ҳар куни 24 соат давомида хизмат кўрсатади.

Дониёр Азимовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда коронавируснинг ўрта даражасига чалинган беморни даволаш давлат бюджетига 15 млн сўмга тушмоқда. «Шу сабабли вакцина анча тежамкор ва хавфсиз вариант, шунингдек, у пандемияни тугатишга имкон беради», — дея таъкидлайди у.

Ўзбекистонда 15 январь куни 912 кишида коронавирус қайд этилиб, мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирусга чалингани расман тасдиқланганлар сони 205 085 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакатга келган хорижий давлат фуқаросидан COVID-19 нинг янги омикрон штамми 2022 йилнинг 7 январь куни аниқланди. Шу сабабли 15 январдан турли тадбирлар ташкил этиш тақиқланди. Шунингдек, эмланмаган ходимлар ишга қўйилмайди. ССВ иш берувчилардан 20 январга қадар ходимларни эмлашга чақиришни сўради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » «Шифохонамизга оддий ЎРВИ билан келиб, омикрон юқтириб кетасиз» — Зангиота-2 шифохонаси директори