20:25 / 21.08.2018
4 835

Япония марказий кўчаларида Ўзбекистонга чорловчи билбордлар ўрнатилади

Япония марказий кўчаларида Ўзбекистонга чорловчи билбордлар ўрнатилади
Япониянинг Маизуру ва Такасаки шаҳарлари марказий кўчаларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш этувчи реклама билбордлари ўрнатилади. KUN.UZ мухбири Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Жаҳон туризм бозорида "Ўзбекистон" миллий туристик брендини тарғиб қилиш ва хорижий мамлакатлардан сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Токиодаги элчихонаси Япониянинг Маизуру (Киото префектураси) ва Такасаки (Гунма префектураси) шаҳарлари мэриялари билан ҳамкорликда номлари қайд этилган шаҳарларнинг марказий кўчаларида Ўзбекистон туристик салоҳиятини намойиш этувчи реклама билбордларини ўрнатиш масаласини ишлаб чиқди.

Таъкидлаш жоизки, Маизуру ва Такасаки 2020 йилда Токиода ўтказиладиган Олимпиадада ўзбекистонлик спортчиларни "қабул қилувчи шаҳарлар" ҳисобланади.

Келишувларга кўра, мазкур билбордлар Япония шаҳарларида икки йиллик муддатга, яъни 2018 йилнинг сентябридан 2020 йилнинг сентябригача ўрнатилади.

Ўзбекистоннинг диққатга сазовор масканлари акс этган билбордларда япон тилидаги "Буюк Ипак йўлининг юраги ҳисобланган Ўзбекистонга саёҳат қилинг" ёзуви, миллий туристик лого ва www.uzbekistan.travel сайти манзили туширилган бўлади. Бундан ташқари, реклама плакатларида "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг тўғридан-тўғри Токио-Тошкент йўналишидаги рейсларига оид маълумотлар акс этади.

Бундан аввал KUN.UZ'да Қозоғистоннинг марказий шаҳарларида Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорловчи баннерлар ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда Ўзбекистонга қизиқиш билдириб, ташриф буюраётган қозоғистонликлар сони сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга қўшни мамлакат телекўрсатувлари ва онлайн-нашрларида ҳам Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти фаол ёритиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Япония марказий кўчаларида Ўзбекистонга чорловчи билбордлар ўрнатилади