Ўзбекистонда 500 минг сўмлик банкнот чиқариладими?

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 500 минг сўмлик янги банкнот муомалага чиқарилиши ҳақида тарқалган хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Бироқ Марказий банк мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Таъкидланишича, бу каби хабарлар ҳеч қандай расмий асосга эга эмас ва айни вақтда янги пул белгисини чиқариш масаласи кун тартибида мавжуд эмас.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунининг 40-моддасига мувофиқ, мамлакат ҳудудида банкнот ва тангалар кўринишидаги пул белгиларини муомалага киритиш ҳуқуқи фақат Марказий банкка тегишли ҳисобланади. Шунингдек, янги пул белгилари фақат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан тегишли қарор тасдиқланганидан кейин муомалага чиқарилиши мумкин. Шундан сўнггина янги банкнотнинг кўриниши ва унинг муомалага киритилиши ҳақидаги расмий маълумотлар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!