
Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб электромобилларни олиб киришда утилизация йиғимлари сезиларли даражада оширилди. Бу ҳақда жорий йилнинг 31 январида Бош вазир томонидан имзоланган қарорда белгиланган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун аввалги йиғим миқдори 4 баробарга кўтарилиб, 30 базавий ҳисоблаш миқдори (11 млн 250 минг сўм)дан 120 базавий ҳисоблаш миқдорига (45 млн сўм) ошди.
Шунингдек, ишлаб чиқарилганига 3 йилдан кўпроқ вақт ўтган электромобиллар учун йиғим миқдори 2,3 баробар оширилди. Энди улар учун 90 базавий ҳисоблаш миқдори (33 млн 750 минг сўм) ўрнига, 210 базавий ҳисоблаш миқдори, яъни 78 млн 750 минг сўм тўлаш лозим бўлади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода BYD Song Plus Champion русумли электромобил учун божхонадан ўтиш харажатлари мисолида бу ўзгаришлар яққол кўрсатилган. Унга кўра, 1 майдан бу турдаги электромобиллар учун божхона йиғими 937 минг сўмни, 12 фоизлик қўшилган қиймат солиғи эса 37 млн 923 минг сўмни ташкил этади. Утилизация йиғими сифатида эса, юқорида таъкидланганидек, 45 млн сўм тўланади. Натижада ушбу электромобилни олиб кириш учун умумий божхона харажатлари 83 млн 860 минг сўмни ташкил этмоқда.
Қарорга кўра, икки ой муддатда ушбу утилизация йиғимларидан самарали фойдаланиш бўйича тартиб ишлаб чиқилиши лозим эди. Бироқ ҳозирча бу тартиб ишлаб чиқилгани ёки қандай кўринишда бўлиши ҳақида расмий хабар берилмаган. Утилизация йиғимларининг оширилиши фонида аҳоли орасида электротранспорт соҳасидаги ўзгаришларга қизиқиш янада ортгани кузатилмоқда.
ЭлектромобилларУтилизация ЙиғимиЎзбекистонБош ВазирБожхона ХаражатлариЭлектротранспорт Соҳаси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар