
Ўзбекистонда сўнгги йилларда автоуловларга бўлган талаб анча ортаётгани кузатилмоқда. 2025 йилнинг январь–май ойлари оралиғида мамлакатга 18 мингдан зиёд енгил автомобил олиб кирилгани буни яққол тасдиқлайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.
Таъкидланишича, ушбу давр мобайнида импорт қилинган автоуловларнинг умумий қиймати 325,3 миллион АҚШ долларига тенглашди. Қувонарлиси, бу миқдорнинг ярмидан кўпи — 9 789 донаси электромобиллардир. Бу эса мамлакатда экологик тоза транспорт воситаларига бўлган қизиқиш ошиб бораётганидан дарак.
Импорт қилинган автоуловларнинг асосий қисми қуйидаги давлатлардан келтирилган:
– Хитой: 15 873 дона,
– Корея Республикаси: 1 882 дона,
– Ҳиндистон: 168 дона,
– Япония: 122 дона,
– АҚШ: 82 дона,
– Бошқа мамлакатлар: 260 дона.
Айниқса, Хитой автоиндустрияси Ўзбекистон бозорида мутлақ устунликка эришганини кўриш мумкин. Буни фақат рақамлар эмас, балки шаҳар кўчаларида тез-тез учрайдиган “BYD”, “Chery”, “Geely” каби брендлар ҳам исботлаб турибди.
Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқариш борасида ҳам ижобий ўзгаришлар қайд этилмоқда. Январдан майгача бўлган даврда Ўзбекистонда 153 814 дона енгил автомобил (махсус тоифадаги автоуловлардан ташқари) ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич маҳаллий саноатнинг барқарор ўсишини кўрсатади.
Импорт ва ишлаб чиқаришдаги ушбу фаоллик, бир томондан, аҳоли эҳтиёжининг ошиб бориши, иккинчи томондан эса, янги технологияларга йўналган давлат сиёсатининг самараси сифатида баҳоланмоқда.
Ҳозирги тенденциялар шуни англатмоқдаки, келгуси ойларда ҳам Ўзбекистон авто бозорида рақобат ошиши, танлов кенгайиши ва муҳитнинг экологик жиҳатдан яхшиланиши кутилади. Ишонч билан айтиш мумкин: эндиликда харидорлар нафақат моделлар, балки мотор турини ҳам эхтиёткорлик билан танлай бошлашади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар