date

2 сентябрдан Пискент автополигонида автомобил синовлари тугатилади

2 сентябрдан Пискент автополигонида автомобил синовлари тугатилади

Ўзбекистонда автотранспорт воситаларини синовдан ўтказиш тизимида муҳим янгилик рўй бермоқда. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги маълумотига кўра, 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб Пискент синов мажмуасида автомобилларни текшириш амалиёти расман тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур тартиб 2024 йил 1 ноябрда кучга кирган пайтда мамлакатимизда атига 3 та расмий дилерлик маркази ишлаётган бўлиб, улар ҳам жами 15 та автомодель учунгина турини маъқуллаш ҳужжатини қўлга киритган эди. Шунингдек, таҳлиллар шуни кўрсатдики, Ўзбекистонга техник регламент талабларига жавоб бермайдиган енгил машиналар ҳам кириб келаётгани аниқланган.

Шу боис, Пискент автополигонида Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган техник меъёрлар асосида синов ишлари амалга ошириб келинган. Бу орқали импорт қилинган автомобилларнинг хавфсизлиги ва меъёрларга мослиги текшириб турилган.

Бироқ, ҳозирги вазият бутунлай ўзгарган. Бугунги кунда 21 та йирик хорижий автокомпаниянинг расмий дилерлари Ўзбекистонда фаолият бошлади. Улар орқали 100 дан ортиқ русумдаги автомобилларга турини маъқуллаш ҳужжатлари расмийлаштирилган.

Агентликнинг таъкидлашича, бу жараён истеъмолчилар манфаатига хизмат қилди: расмий дилерлар орқали хавфсизлиги кафолатланган ва сифатли автотранспорт воситаларини харид қилиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, расмий сервис марказлари сони ҳам кескин кўпайди.

Шу сабабли, расмий дилерлар орқали автомобил харид қилиш тизими тўлиқ йўлга қўйилгани ва бозорда шаффофлик таъминланганини инобатга олган ҳолда, 2025 йил 2 сентябрдан Пискент автополигонидаги синов жараёнлари тўхтатилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » 2 сентябрдан Пискент автополигонида автомобил синовлари тугатилади