date

Сенат ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун жаримани оширди

Сенат ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун жаримани оширди

Ўзбекистон Республикаси Сенати ташиш соҳасида жавобгарликни кучайтиришга қаратилган янги қонунни маъқуллади. Ушбу ҳужжат транспорт хавфсизлигига оид қоидаларни бузиш ҳолатларини кескин камайтириш, йўловчилар ҳамда юкларни манзилга ўз вақтида ва хавфсиз етказиб беришни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қонунга кўра, халқаро ва шаҳарлараро йўналишларда автомобил ҳаракатини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш қоидаларини бузиши катта молиявий жазо билан белгиланмоқда. Хусусан, бундай ҳолат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (ҳозирги ҳисобда 2 млн 884 минг сўм) миқдорида жарима қўлланиши белгиланди. Бу қарор ухламасдан машина бошқариш оқибатида юзага келаётган йўл-транспорт фожиаларининг олдини олишга қаратилган.

Бундан ташқари, темирйўл ва метрополитен транспортида ҳаракат хавфсизлиги, йўловчилар, багаж ҳамда юк ташиш қоидаларини бузганлик учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Расмий маълумотларга кўра, 2023 йил давомида метрополитен 172 миллион, поездлар эса 9,3 миллион йўловчи ташиган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткичлар мутаносиб равишда 270 миллион ва 10 миллион 70 минг нафар йўловчини ташкил этган. Шунингдек, автомобил транспорти орқали 8 миллиарддан зиёд йўловчи ташилгани қайд этилди.

Юк ташиш соҳасида ҳам кўрсаткичлар анча катта. Фақат 2024 йилнинг ўзида темирйўл транспорти 102,7 миллион тонна, автомобил транспорти эса 2 миллиард тоннадан кўпроқ юк етказиб берган. Бу кўрсаткичлар транспорт тизимида хавфсизлик ва узлуксизликни таъминлаш зарурлигини янада кучайтираяпти.

Амалдаги тартибга кўра, агар темирйўлда хавфсизлик талаблари бузилса, Транспорт назорати инспекцияси фақат кўрсатма бериш билан чекланар эди. Бироқ 2024 йилда 130 та йирик ҳолат қайд этилгани, улар натижасида инфратузилма ва ҳаракатдаги таркибга қарийб 4 миллиард сўм зарар етказилгани, шунингдек, темирйўл кесишмаларида 38 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 11 инсон ҳалок бўлгани қонунни кучайтиришга асос бўлди.

Янги тартибга мувофиқ, транспорт хавфсизлиги қоидаларини бузган мансабдор шахслар ва хизматчиларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (ҳозирги ҳолатда 4 млн 120 минг сўм) миқдорида жарима қўлланади.

Сенаторлар ушбу қонунни маъқуллаб, уни амалга жорий этиш ташиш соҳасида интизомни кучайтиради, деб ҳисоблашмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Сенат ташиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш учун жаримани оширди