date

Олтин рекордни янгилади, кумуш нархи ҳам кескин ошди

Олтин рекордни янгилади, кумуш нархи ҳам кескин ошди

Душанба, 22 декабрь куни жаҳон молия бозорларида тарихий воқеа қайд этилди — олтин нархи илк бор бир унция учун 4,4 минг доллар чегарасидан ошди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. Мутахассислар бу ўсишни АҚШда фоиз ставкалари яқин орада пасайтирилиши кутилayotgani ҳамда инвесторлар томонидан ҳимоя активларига қизиқиш кучайгани билан боғламоқда.

Олтин билан бир қаторда кумуш бозорида ҳам жадал қимматлашув кузатилди. Унинг нархи бир кунда 3,3 фоизга ошиб, тарихий максимум — 69,44 долларга етди. Reuters ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан буён олтин қиймати 67 фоизга ўсиб, аввал 3 минг, кейин эса 4 минг долларлик психологик чегараларни ортда қолдирди.

Бундай динамика охирги бор 1979 йилда кузатилган бўлиб, жорий ўсиш сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик йиллик кўрсаткичлардан бири бўлиши мумкин. Кумуш эса янада таъсирли натижа кўрсатди — у 138 фоизга қимматлашиб, ҳатто олтин ўсиш суръатидан ҳам ошиб кетди.

Таҳлилчилар бу ҳолатни бир нечта омил билан изоҳламоқда. Аввало, инвестиция ҳажмларининг кескин кўпайиши ва бозорда таклифнинг чекланганлиги нархларни юқорига сурмоқда. Шунингдек, геосиёсий кескинлик, халқаро савдодаги ноаниқликлар ва марказий банклар томонидан олтин захираларининг фаол харид қилиниши қимматбаҳо металларга бўлган талабни янада оширмоқда.

Бундан ташқари, келаси йилда фоиз ставкалари пасайиши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар инвесторларни олтин ва кумуш каби хавфсиз активларга йўналтирмоқда. АҚШ долларининг заифлашиши эса қимматбаҳо металларни хорижий сармоядорлар учун нисбатан арзонроқ қилиб, талабни қўшимча равишда рағбатлантирди.

Натижада, олтин ва кумуш бозори ҳозирча юқори суръатда ҳаракатланмоқда ва яқин ойларда ҳам ушбу тенденция сақланиб қолиши мумкинлиги айтилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Олтин рекордни янгилади, кумуш нархи ҳам кескин ошди