Ўзбекистон Ар-Риёд аэропортига ҳужумни кескин қоралади

Ўзбекистон Ар-Риёд аэропортига ҳужумни кескин қоралади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги Подшоҳ Холид халқаро аэропортига ҳусийлар томонидан уюштирилган ҳужумни қатъий қоралади. Бу ҳақда вазирлик 11 октябрь куни расмий баёнот берди.

ТИВ мазкур ҳужум оқибатида бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлгани ва тинч аҳоли вакиллари жароҳатланганидан чуқур қайғуда эканини билдирган.

Вазирлик ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жабрланганларга тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишларини тилаган. Шунингдек, Ўзбекистон Саудия Арабистонининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаган.

Баёнотда тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужум қилиш халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши экани қайд этилган. Бундай ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлиги алоҳида таъкидланган.

Ўзбекистон ТИВ барча томонларни вазминликка чақириб, минтақадаги кескинликнинг янада кучайишига йўл қўймаслик муҳимлигини билдирган. Шу билан бирга, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ҳамда дипломатик йўллар орқали ҳал этишга чақирган.

Вазирлик Ўзбекистон Саудия Арабистони халқи ва ҳукумати билан бирдам эканини билдириб, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлаган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар