Таиланд қироличаси Gripen қирувчи самолётида илк мустақил парвозини амалга оширди (видео)

Таиланд қироличаси Gripen қирувчи самолётида илк мустақил парвозини амалга оширди (видео)

Таиланд қироличаси Сутхида 8 октябрь куни JAS 39C Gripen қирувчи самолётида илк мустақил парвозини амалга оширди. Парвоз мамлакат жанубидаги Сураттхани провинциясида жойлашган Wing 7 ҳарбий авиабазасида бўлиб ўтди. Ушбу воқеани қирол Маха Вачиралонгкорн шахсан кузатиб борди.

Қиролича парвоздан олдин самолётнинг техник ҳолатини текширди, парвоз режасини кўриб чиқди ва белгиланган машғулот дастурини бажарди. У ҳавода 41 дақиқа бўлиб, самолётни муваффақиятли қўндирди. Парвоз якунлангач, қирол уни табриклаб, гулдаста ва Gripen самолётида парвоз қилган учувчиларга бериладиган фахрий олтин нишонни топширди.

Сутхида ушбу парвозга жиддий тайёргарлик кўрган. У 2026 йилнинг июнь ва июль ойларида назарий машғулотлар ҳамда фавқулодда вазиятларга оид тайёргарликдан ўтган, шунингдек, парвоз симуляторида 20 та машғулот бажарган. Биринчи мустақил парвозидан олдин икки ўринли JAS 39D Gripen самолётида ҳам 10 соатдан ортиқ учган.

Қироличанинг турли русумдаги ҳаво кемаларида тўплаган умумий парвоз тажрибаси 1 188 соатдан ошади. У Boeing 737 йўловчи самолётларида ҳам учган ва айрим расмий сафарларда қиролга иккинчи учувчи сифатида ҳамроҳлик қилган.

Бу воқеа Сутхиданинг авиация соҳасидаги тайёргарлигида муҳим босқич бўлди. У Таиландда Gripen қирувчи самолётини бошқарган илк аёл учувчи сифатида ҳам қайд этилди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар