Британиялик олимлар 170 миллион йил аввал яшаган янги тимсоҳ турини аниқлади

Британиялик олимлар Ерда 170 миллион йил аввал яшаган тимсоҳларнинг янги турини аниқлади. Унинг тишлари шу қадар ингичка бўлганки, тишковлагичларни эслатган. Шу сабабли у асосан майда балиқлар ва бошқа кичик сув жониворлари билан озиқланган. Бу ҳақда The Independent хабар берди.
Янги турга Ctenosuchus tenuidens номи берилган. Кашфиёт Буюк Британиядаги Портсмут университети ва Марокашнинг Ҳасан II университети тадқиқотчилари томонидан амалга оширилган.
Қадимги судралиб юрувчининг қазилма қолдиқлари ҳозирги Марокашнинг жануби-шарқий қисмидаги Атлас тоғларидан топилган. Олимлар тишларни микроскоп ёрдамида ўрганиб, уларда бир-бирига яқин жойлашган махсус қирраларни аниқлаган. Бу тузилиш ҳайвоннинг озиқланиш усули ўзига хос бўлганини кўрсатади.
Тадқиқотчиларнинг тахминига кўра, у майда балиқлар, қисқичбақасимонлар ва бошқа сув организмлари билан озиқланган. Унинг жағ ва тиш тузилиши юра даврида яшаган айрим птерозаврларникига ҳам ўхшаш бўлган. Бу ҳайвонлар сувдаги майда организмларни ажратиб олиб озиқланган бўлиши мумкин.
Тадқиқот шуни кўрсатадики, тарихдан олдинги ҳайвонларнинг турли гуруҳлари бир-биридан мустақил равишда ўхшаш озиқланиш усулларига мослашган. Топилма, шунингдек, қадимги тимсоҳларнинг қариндошлари илгари ўйланганидан кўра кўпроқ муҳитларда яшагани ва турли озиқланиш усулларига эга бўлганини англашга ёрдам беради.































Изоҳлар 0
…