22:00 / 28.05.2022
2 690

Рухшонанинг собиқ турмуш ўртоғи, режиссёр Санжар Маткаримовга озодликни чеклаш жазоси тайинланди

Рухшонанинг собиқ турмуш ўртоғи, режиссёр Санжар Маткаримовга озодликни чеклаш жазоси тайинланди
2022 йилнинг 27 май куни Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида фуқаро Маткаримов Санжарбекка нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова маълум қилди.

Таъкидланишича, судланувчи Маткаримов Санжарбек турмуш ўртоғи Маткаримова Рухшонанинг уяли алоқа воситасига келган хабар юзасидан ўзаро тортишиб қолиб, қўл ва оёқлари билан уни уриб, тепиб, тан жароҳатлари етказган.

Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Маткаримова Рухшонага соғлиқнинг қисқа муддатга бузилишига олиб келадиган енгил тан жароҳатлари етказилгани аниқланган.

«Бундан ташқари, судланувчи жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ижтимоий тармоқларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмаларни содир этган. Хусусан, ўзига тегишли рақамдан TikTok’да очилган аккаунт ва ўзининг қўл остида ишловчи ходимнинг профилидан Instagram’да барча фуқаролар томонидан кўриб шарҳ ёзадиган санъаткорлар гуруҳида жабрланувчи Маткаримова Рухшонани шарманда қилиш ниятида ёлғон уйдирмаларни тарқатиб, туҳмат қилиш жиноятини қасддан содир этган.

Шунингдек, ОАВ орқали ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлаш мақсадида Instagram ижтимоий тармоғида барча фуқаролар томонидан кўриб шарҳ ёзадиган санъаткорлар гуруҳида жабрланувчи Маткаримова Рухшонани шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан ҳақорат қилиб келган. Бундан ташқари, жабрланувчининг шахсий сирини ташкил этувчи маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатиб, шахсий ҳаёт дахлсизлигини қасддан бузган
», — дейилади Тошкент шаҳар суди матбуот котиби ахборотида.

Судья Фаррух Эргашев раислигида ўтган суд ҳукмига кўра, Маткаримов Санжарбек Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми, 139-моддаси (туҳмат) 3-қисмининг «г» банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 2-қисми ва 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисмининг «б» банди билан айбдор деб топилган.

Тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни қисман қўшиш йўли билан Санжар Маткаримовга узил-кесил ўташи учун 2 йил-у 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Манфаатдор томонларга моддий ва маънавий зарарни ундириш юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.

Маълумот учун, хонанда Рухшона клипмейкер Санжар Маткаримов билан 2014 йилнинг 2 ноябрида оила қурган. Жуфтликнинг тўнғич фарзанди Ҳабиба 2015 йилда, ўғли Шукурбек эса 2016 йилда туғилган. Уларнинг никоҳи иккиси учун ҳам омадли келган. Боиси хонанда турмуш ўртоғи билан «Юраккинам», «Яна», «Имкон бўлса» ва «Юр» каби қўшиқларига клип суратга олган. Рухшона бошловчилигида режиссёрнинг «Бола тилидан» номли кўрсатуви телеканаллар орасида бир неча бор энг рейтинги баланд кўрсатув сифатида эътироф этилган. Санжар Маткаримов Рухшонанинг «Юраккинам» клипида рол ижро этиб, актёрлик маҳоратини намойиш этганди. Афсуски, бу эр-хотин ижодкорларнинг сўнгги ижодий ишлари бўлди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рухшонанинг собиқ турмуш ўртоғи, режиссёр Санжар Маткаримовга озодликни чеклаш жазоси тайинланди