20:28 / 27.08.2022
1 115

Президент IT-Паркнинг янги биносига борди (фото)

Президент IT-Паркнинг янги биносига борди (фото)
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида қурилган янги биноларни бориб кўрди.

Давлатимиз раҳбари мазкур мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган, ўтган йили декабрда бунёдкорлик ишларини кўздан кечирган эди. Бугунги кунда 20, 22, 25 қаватли бинолар ва конференция зали қуриб битказилди.

Мамлакатимизда ахборот технологиялари ривожига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сўнгги беш йилда соҳага 2 миллиард доллар, шу жумладан, 700 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестициялар йўналтирилди. Барча ҳудудларда IT-парклар очилиб, улар учун алоҳида солиқ режими жорий этилди. Бу орқали 14 минг нафар ёшлар юқори даромадли иш билан таъминланди. Шунингдек, соҳада ўзини ўзи банд қилган мутахассислар сони 43 минг нафарга етди.

Фото: Президент матбуот хизмати.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизда 134 та янги, жумладан, 50 та хорижий IT компания ташкил этилди, экспортёр корхоналар сони эса 2 баробарга ошди.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки бу борада етакчи. У биринчи бўлиб икки қаватли бинода очилган эди. Бугунги кунда осмонўпар, муҳташам мажмуага айланди.

Ушбу IT-паркнинг резидентлари, хизматлар тури ҳам кўпайиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 ойида улар томонидан 53 миллион долларлик хизматлар экспорт қилинган. Йил якунигача бу кўрсаткич 100 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари «Алоқабанк» ва «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси биноларидаги шароитларни кириб кўрди. Уларнинг пастки қаватларида мижозларга хизмат кўрсатиш офиси жойлашган. Юқори қаватлар IT корхоналар учун мўлжалланган. Ертўла қисмида 3 минг автомобилга мўлжалланган 3 қаватли тураргоҳ ҳам бор.

Фото: Президент матбуот хизмати.
IT-паркда қурилиш 2 босқичда олиб борилмоқда. Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Соҳадаги ташкилотлар, университет, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади.

Шу ерда «Ўзсувтаъминот» акциядорлик компаниясида жорий этилган автоматик ҳисоблаш тизими, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг электрон тизимларини янада такомиллаштириш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент IT-Паркнинг янги биносига борди (фото)