
Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда, уламоларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилдаги Рамазон ойи 29 кунда якунланмоқда. Шу сабабли Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайити 30 март, якшанба кунига тўғри келиши ҳақида маълум қилди. Шунингдек, диний идора Фатво бўлими 29 кунлик рўза тутишнинг ҳукми ҳақида тушунтириш берди.
Дунёдаги кўплаб мамлакатларда амал қилинадиган ҳижрий-қамарий тақвим ойнинг фалакдаги ҳаракатига асосланади. Ҳилол (янги ой) кўрингандан кейинги кун янги ойнинг биринчи куни ҳисобланади.
«Ҳижрий-қамарий ойлар 29 ёки 30 кун бўлади. Шу сабабли ҳижрий-қамарий йил 354-355 кун бўлиб, милодий йилдан 10-11 кун кам бўлади. Милодий сана ойлари 28 ёки 29 ҳамда 30 ё 31 кунлик бўлгани каби ҳижрий ойлар, жумладан, Рамазон ойи ҳам гоҳида 29, гоҳида 30 кунлик бўлиши мумкин. Ҳижрий ойнинг милодий ойдан фарқи шуки, масалан, март ойи доимий равишда 31 кунлик бўлса, ҳижрий ойлар ҳилолнинг янгиланиши билан боғлиқ бўлгани учун қайси ой неча кунлик бўлиши ойнинг кўринишига қараб аниқланади…
Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайити кунини белгилашда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар», деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охиратга риҳлат қилгунларига қадар тўққиз йил Рамазон рўзасини тутганлар. Шулардан аксарида йигирма тўққиз кунлик, озроғида ўттиз кунлик бўлган. Бу борада Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда зикр қилинган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида 29 кун тутган рўзамиз 30 кун тутганимиздан кўпроқ эди» (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, Рамазон ойи неча кун бўлса, шунча кун рўза тутилади ва ўша мукаммал рўза ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч ким ўзича Рамазон доим ўттиз кун бўлади, деб ҳукм чиқариши асло тўғри эмасдир. Бундай дейиш саҳиҳ ҳадислар ва уламолар ижмоси (иттифоқи)га зиддир.
Рамазон ойи 29 кунлик бўлиб келган тақдирда ҳам биз оят ва ҳадисларга мувофиқ бир ой мукаммал рўза тутган бўламиз», дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази баёнотида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайити 30 март, якшанба кунига тўғри келаётгани муносабати билан ҳайит намози вақтларини эълон қилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар