date
views 571

Шаҳрисабзда собиқ ЙПХ ходими шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилди

Шаҳрисабзда собиқ ЙПХ ходими шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилди
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида қалбларни ларзага солган жиноят содир этилди. 1 июнь куни маҳаллий аҳоли орасида катта обрў-эътиборга эга бўлган, собиқ Йўл-патруль хизмати инспектори Ўктам Хўжақулов пичоқлаб ўлдирилди. Ушбу мудҳиш ҳолат ҳақида биринчи бўлиб Telegram’даги “Автоблог.уз” канали хабар берган.

Таъкидланишича, марҳум Ўктам Хўжақулов узоқ вақт давомида Шаҳрисабз шаҳри Йўл-патруль хизматида катта инспектор сифатида хизмат қилган ва 2014 йилда нафақага чиққан эди. Шаҳрисабз аҳли орасида яхши танилган ва ҳурматга сазовор бўлган собиқ ходимнинг фожиали ўлими шаҳар аҳолисини қаттиқ ташвишга солди.

Қотиллик воқеаси Шаҳрисабз шаҳридаги «Синабоғ» маҳалласи ҳудудида содир бўлгани айтилмоқда. Маҳаллий аҳоли ва блогерларнинг маълум қилишича, собиқ ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган шахс маҳаллада «Иван» тахаллуси билан танилган шахс бўлган. Ҳозирча жанжалнинг аниқ сабаби ва қотилликка олиб келган ҳолатлар маълум қилинмаган.

Facebook ижтимоий тармоғида ушбу маҳалла фуқароларидан бири бўлган Элшод Яҳё воқеага муносабат билдириб, қуйидаги фикрларни ёзиб қолдирди: «Бир пайтлар бу маҳалла Шаҳрисабздаги энг хавфли ҳудудлардан бири бўлган. Бу ерда безорилар ва криминал шахслар ҳукм сургани сабабли, бегоналар бу маҳаллага ҳатто оёқ босишга қўрққан. Афсуски, ҳалигача бу ерда қон тўкилиши тўхтамаган ва гўёки ўша эски давр қонуни амалда қолгандек таассурот уйғотади», – дейди у.

Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, марҳум Ўктам Хўжақулов 48 ёшда бўлган. Қотиллик содир бўлган куни жабрланувчи бўйин қисмида олган жиддий тан жароҳатлари билан Шаҳрисабз шаҳар тез тиббий ёрдам бўлимига етказилган, аммо афсуски, унинг ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаган.

Ҳозирда ушбу мудҳиш ҳолат юзасидан Шаҳрисабз тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми («Қасддан одам ўлдириш») билан жиноят иши қўзғатилган. Қотилликда гумонланаётган 37 ёшли шахс Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси асосида қўлга олинган ва ҳозирда унга нисбатан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мазкур воқеа ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари шаҳарда хавфсизлик чораларини кучайтирган ва жиноятга аниқлик киритиш бўйича суриштирув олиб бормоқда. Бу мудҳиш воқеа аҳолини яна бир бор огоҳликка чақирмоқда. Зеро, инсон ҳаётини қадрлаш ва ҳуқуқ-тартибот қоидаларига амал қилиш жамиятнинг ҳар бир аъзоси учун энг муҳим вазифалардан биридир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шаҳрисабзда собиқ ЙПХ ходими шафқатсизларча пичоқлаб ўлдирилди