date

Пекин—Тошкент янги люкс поезди: Ипак йўли саёҳат дастури эълон қилинди

Пекин—Тошкент янги люкс поезди: Ипак йўли саёҳат дастури эълон қилинди

Фото: travelandtourworld.com

Буюк Ипак йўли энди харита эмас — реал маршрутга айланяпти. Британиянинг Golden Eagle Luxury Trains туроператори “The Great Silk Road by Train” номли янги ҳашаматли темирйўл саёҳат дастурини эълон қилди. Лойиҳа ҳақида Travel and Tour World нашри ҳам ёзди.

Янги саёҳат 22 кунга мўлжалланган бўлиб, йўналиш беш давлат ҳудудидан ўтади: Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон. Умумий масофа 3 862 км этиб кўрсатилган: саёҳат Пекиндан бошланиб, Тошкентда якунланади.

Дастурнинг “фишка”си — Ипак йўлининг энг машҳур тарихий-маданий нуқталарини люкс форматда кўриш. Масалан, Буюк Хитой девори, Сиандаги Терракота армияси, Могао ғорлари каби манзиллар тилга олинган. Саёҳатнинг финал “зарбаси” эса биз учун алоҳида яқин: Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари шаҳарлар саёҳат руҳини тўлиқ бериб қўяди.

Фақат экскурсия билан чекланиб қолинмайди: қўшимча таассуротлар ҳам режага киритилган. Жумладан, Гоби чўлида туяларда сайр қилиш, шунингдек Алмаотага самолётда учиш каби вариантлар қайд этилган. Қисқаси, бу саёҳат “поездда кетяпман” эмас — “эпизоддан эпизодга ўтяпман” деган сценарийга ўхшайди.

Нарх масаласи ҳам очиқ айтилган: икки кишилик жойлашувда бир киши учун саёҳат қиймати 50 700 доллардан бошланади. Бу пакетга турар жой, овқатланиш, экскурсиялар, трансферлар ва суғурта кириши билдирилган. Илк рейс 2026 йил 21 сентябр — 12 октябр кунларига режалаштирилган.

Энг қизиғи — бу формат Марказий Осиё туризми учун янги “стандарт” очиши мумкин. Агар саёҳатчилар оқими ошса, келгуси йилларда Тошкент ва бошқа шаҳарларимизда сервис, гидлик, меҳмонхона ва маданий дастурлар ҳам табиий равишда янада кучаяди. Яъни, Ипак йўли афсона бўлиб қолмайди — у даромад, имидж ва янги имкониятга айланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Пекин—Тошкент янги люкс поезди: Ипак йўли саёҳат дастури эълон қилинди