13:17 / 26.07.2019
3 762

Тошкентда шахсий автотранспортлар ҳаракатини камайтириш бўйича таклиф берилди

Тошкентда шахсий автотранспортлар ҳаракатини камайтириш бўйича таклиф берилди
Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жанубий Корея делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Унда “Интеграциялашган жамоат транспорти стратегиясини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш” мавзуси муҳокама этилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзаро мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт учун транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, бу йўналишда хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасига кўтариш муҳимлигини ва бу борада илғор давлатлар тажрибаси ўрганилганини қайд этган.

Шунингдек, бу борада Жанубий Кореянинг импорт ва экспорт банки мутахассислари билан ҳамкорликда ишлар бошланганлигини маълум қилиб, мазкур учрашув биргаликдаги ишларнинг амалий натижалардан бири эканлигини таъкидлади.

Учрашувда Жанубий Корея делегацияси раҳбари Сё Кьюшик Ўзбекистон ва Корея муносабатлари турли соҳаларда тараққий этиб бораётгани, хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Жанубий Кореянинг бир неча шаҳарлари, туманлари, корхона ва ташкилотлари қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганлигини айтиб ўтди.

Йиғилишда Кореянинг Эксимбанки томонидан Тошкент шаҳар транспорт инфратузилмаси учун янги концепция тақдим этилди.

Мазкур концепцияда берилган таклифларда пойтахтда жамоат транспорти йўналишларини кўпайтириш ва шу орқали шахсий автотранспортлар ҳаракатини камайтириш таклиф этилган. Кореялик мутахассисларнинг аҳамиятли таклифларидан яна бири тезюрар автобус йўналишларини ташкил этиш бўлиб, бу шаҳар ичида бир манзилдан иккинчисига тез, осон ва қулай етиб олишни таъминлайди.

Қолаверса, концепцияда бу тизимдаги хусусий тармоқ ишини ривожлантириш каби қатор илғор ташаббуслар илгари сурилган бўлиб, энди шаҳар ҳокимлиги ва пойтахт жамоат транспортига масъуллар билан биргаликда ушбу таклифларни ҳаётга жорий этиш масалалари кўриб чиқилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда шахсий автотранспортлар ҳаракатини камайтириш бўйича таклиф берилди