Ожиза онанинг ўтинчи

  • 21 декабрь 2019, 14:45
  • 1 161
  • Жамият
  • Ожиза онанинг ўтинчи
    (Бир маҳаллада онанинг ўғлига ёзган мактубига кўзим тушди. Ўқиб жуда таъсирландим. Қисқа бўлса-да кўпларга ибрат бўлгувчи бу мактуб онаизорнинг ўз ўғли орқали дунёдаги барча ўғилларга айтилган дил сўзлари гўё. Ўқинг ва тафаккур қилинг. Ғанимат бўлиб турган ота-онангизни ҳаётлик чоғида қадрига етинг).

    Суюкли фарзандим!
    Кунлар келиб қариган вақтимда менинг гап-сўзларим, ишларим мантиқсиз туюлар. Сендан ягона ўтинчим, ўша пайтда мени тушунишга ҳаракат қил, менга қимматли вақтингдан бир неча дақиқа ажрат …
    Қўлим қалтираб, таомим тушиб кетган, либосларимни кийишга кучим етмаган вақт менга сабр ила кўмаклаш.
    Агар хушбўй ва ораста бўлолмасам, мени маломат қилма. Болалигингда сени хушбўй ва ораста бўлишинг учун қилган ҳаракатларимни ёдингга ол. Фарзандларинг ишини тушунмасам ё унга ақлим етмаса, мени мазах қилма. Англамаганларимни билдириш учун сен менинг ақлим ва кўзимга айлан. Сенга кичиклигингдан одоб берган, билмаганларингни ўргатган аёл мен бўламан!

    Хотирам заифлиги, сўзларимни тушиб қолиши, сен билан гаплашиш асносида эскича фикрлашларим малол келмасин. Чунки менинг дунёдаги ягона саодатим фақатгина сен билан суҳбат қуриш ва эҳтиёжларимни раво бўлишида менга кўмакчи бўлишингдир.
    Ўзимнинг юким оёғимга тушиб, бормоқчи бўлган жойимга қийналсам, ўша вақт сен менга меҳрибон бўлгин! Юришга кучинг етмагани учун доим қўлингдан ушлаб етаклаганларимни эсла. Ўша кун қўлимдан тутиб юришга орланма. Чунки, менинг ёшимда қўлидан ушлайдиган инсонни излаб қолишингни билгин! Мен ҳозир ўлим тўшагига ётишга мунтазир бўлиб турибман. Мени охирги дамларимда ёлғиз қўйма.

    Неча ёшда бўлсанг ҳам ҳали ҳамон сенинг кулишинг, табассуминг мени хурсанд қилади. Суҳбатингдан мени маҳрум қилма.
    Туғилишингдан олдин ҳам, кейин ҳам мен сен билан бирга эдим. Дунёдан ўтар чоғим эса сен мен билан бирга бўлгин!

    Таржимон: “Ҳазрати Билол” жоме масжиди
    имом-хатиби Равшанбек Ўринбоев
    Манба: Azon.uz

    » » Ожиза онанинг ўтинчи