18:08 / 18.08.2020
2 526

Муҳожирларга йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун паст фоизли кредитлар берилади

Муҳожирларга йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун паст фоизли кредитлар берилади
Фото: President.uz
Меҳнат муҳожирларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратилади. Бу ҳақда 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан президент Мирзиёев бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Таъкидланишича, ушбу масала Ўзбекистон тарихида биринчи маротаба бундай форматда муҳокама қилинмоқда.

Мамлакатимизда ҳар йили 600-700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилмоқда. Шунинг учун, қарийб 200 минг кишининг бандлигини ташқи меҳнат миграцияси орқали таъминлашга тўғри келмоқда. Бу табиий жараён, барча ривожланаётган давлатлар шундай босқичдан ўтган. Қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпайган.

Кейинги йилларда Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди. Чет элларда ишлаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида жамғарма ташкил этилиб, 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Шунга қарамай, ечимини кутаётган муаммолар ҳали кўп.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда ҳокимликларга чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, ҳудудлардаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилади. Бу филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланади.

Меҳнат мигрантлари ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун Хориждаги фуқароларни ҳимоя қилиш жамғармасидан маблағ ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз элчихоналари ўзга давлатлардаги ватандошларимиз диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаши лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юртпарварлик, меҳр-оқибат ҳисси билан хориждаги фуқароларимизга ёрдам бериб келаётган шахсларни эътироф этиш, давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича таклифлар билдирилди.

Чет элда меҳнат қилаётганларни ватани билан боғлаб турадиган энг катта восита маданият эканини инобатга олиб, улар учун шундай тадбирларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, телевидениеда Ўзбекистон элчихоналари ва консулликларининг халқ хизматидаги фаолиятини кенг ёритиб бориш тавсия этилди.

Бунинг учун сектор раҳбарлари, меҳнат ва маҳалла идоралари вакиллари ўз ҳудудидаги шундай ташаббускорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг бизнес лойиҳаси билан танишади. Рўйхатдан ўтишга кўмаклашиб, 3 ойгача ижара тўловлари бўйича субсидия берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун кредит ресурслари ажратилади ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир масала – хорижда ишлаётган фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисобга олиш тизимида атиги 4,5 минг нафар киши рўйхатга олинган. Шу боис мутасаддиларга ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш ва меҳнат стажини ҳисоблаш тизимини мигрантлар учун ҳам татбиқ этиш бўйича кўрсатма берилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Муҳожирларга йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун паст фоизли кредитлар берилади