19:56 / 11.09.2020
2 253

Саида Мирзиёева: «Бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни босимдан ҳимоя қилишимиз керак»

Саида Мирзиёева: «Бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни босимдан ҳимоя қилишимиз керак»
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ўғил фарзандли бўлган. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар қилишича, чақалоққа Шавкатжон деб исм қўйилган.

Шунингдек, у мамлакатда аёллар ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан муносабат билдирган.
«Мен муҳаббатнинг аёлларга барча дилхираликларга дош бериши ва кечиришига ёрдам берувчи куч экани ҳақида ўйлайман. Бахтли ва энг яхши дамларни кутиш, болалар ўсиб-улғайгунча ёнида бўлиш, уларга таянч бўлиш ва кейин тин олиш мумкин. Нима қилсак ҳам, бизни доим муҳаббат бошқаради.

Ҳозир ўғлим билан эртаклар эмас, балки янгиликлар садоси остида ухлаяпмиз. Хотин-қизлар ва журналистларга нисбатан судлов механизми тезкор ва шиддатли бўлиб, бор кучи билан ишлаётганини кўриш мен учун оғир. Эркаклар ва амалдорларга келганда бу тизим кўпинча тўхтаб қолади. Бир вақтнинг ўзида ҳақоратларга муносиб жавоб учун озодликдан маҳрум қилиш ва саккиз йиллик хўрлик остида яшаганларни ярашув билан «жазолаш» мумкин эмас. Қиз болага ожиза ва итоаткор бўлгани учунгина буюмдек қараш, дили оғриган-оғримаганини унинг учун ҳал қилиш мумкин эмас. Шахсий фикри учун таъқиб қилиш мумкин эмас. Агар биз адолат тарафдори бўлсак, қонун иккала томон учун бир хил ишласин. Агар биз бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни эса босимдан ҳимоя қилишимиз керак.

Аёлларга келсак: қўлимизда бола бўлганида, ҳар бир жабҳада эркаклар билан тенглашиш биз учун шундоқ ҳам қийин, ҳар биримиз фарзанд туғилганида карьерамизнинг бир неча йилини йўқотамиз. Шунга қарамай, баъзан бизга яна айблов ҳам қўйишади.

Тўрт йил олдин Президентимиз сўз эркинлигини ёқлаб чиқди, мамлакатимиз бундан буён тоқат қилмас эканмиз, сукут сақлаб ўтирмаймиз, деган хулосага келди. Шуни ёдда тутишимиз керакки, эндиликда ҳар бир нохуш ҳолат жамоатчиликка ошкор бўлмоқда: биз кичик жиноятлар учун ҳам барча мумкин бўлган моддалар билан оғир жазони қўллаш ҳолатларига гувоҳ бўляпмиз. Агар кимларгадир бунинг акси керак бўлса, жазо юмшайди ва енгиллашади. Одамлар буни кўриб турибди, муҳокама қилишяпти ва адолатга ишонмай қўйишяпти.

Мен журналист ва блогерлар сукут сақламаслигига ва бошланган ислоҳотларни давом эттириш йўлида ҳисса қўшишига қатъий ишонаман. Жамоатчилик фикрининг кучига ишонаман. Олдинда бизни яхши кунлар кутаётганига ишонаман. Агар ҳар ким ўз обрўини сақлаган ҳолда одамлар билан ҳисоблашса, ҳамма иш адолатли ва тўғри бўлади.

Президент топшириғига кўра, айни кунларда туҳматни декриминаллаштириш ҳамда журналистлар фаолиятига тўсқинлик учун жавобгарликка оид икки муҳим қонун ҳужжати ишлаб чиқиш арафасида.

Бу ошкора жамият сари ташланган яна икки катта қадам бўлади. Келинг, буни биргаликда амалга оширамиз», деган Саида Мирзиёева телеграмдаги саҳифасида.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саида Мирзиёева: «Бахтли мамлакатда яшашни истасак, аёлларни эркаклар приоритетларидан, журналистларни босимдан ҳимоя қилишимиз керак»