17:50 / 13.11.2020
1 902

Комил Алламжонов хусусий телеканалларни миллий сериаллар буюртмасини кўпайтиришга чақирди

Комил Алламжонов хусусий телеканалларни миллий сериаллар буюртмасини кўпайтиришга чақирди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўзбек телеканаллари эфирида хориж сериаллари борган сари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирган эди. У шу ҳақдаги мулоҳазаларини баён қилиши ортидан келиб чиққан баҳсларга муносабат билдирди.

«Хусусий телеканаллардаги хорижий сериаллар аҳволини тартибга солиш зарур, деган фикрим анча баҳсларга сабаб бўлди. Бу фикр тарафдорлари ҳам, унга қаршилар ҳам анчагина бўлди. Кимлардир бизнинг сериаллар сифатсиз деса, яна кимлардир уни бачкана ёки фақат бир хил мавзулар ёритилади, деб танқид қилди. Бу гапларда жон бор, албатта. Лекин хусусий телеканаллар миллий сериалларга буюртмани кўпайтирса, рақобатнинг ўзи, яъни бозор сериаллар сифатини оширади.

Бизнинг сериаллар яхши эмас деб фақат хорижникини эфирга тиқиштирсак, икки дунёда ҳам маҳаллий сериалларимиз сифати яхшиланмайди. Aввалига, балки жуда зўр фильмлар бўлмас, лекин секин-секин зўри ҳам пайдо бўлади. «Бир кам дунё», «Кўнгил кўчалари», «Шайтанат», «Домла», «Чархпалак» каби ўзимизнинг сериалларни ётволиб кўрар эдик. Зўр эди-ку.

Бунинг устига қанчадан қанча режиссёрлар, актёрлар, юзлаб ижодкорлар иш билан таъминланади, уларга қўшимча даромад бўлади. Айниқса пандемияда улар ҳам анча азият чекишди. (Мен медиа билан боғлиқ инсон сифатида ушбу соҳа ҳақида қайғуряпман, бошқа соҳаларда ҳам қийналганлар бор, лекин уларга жавобгарлар бошқалар J)

Чет эл сериалини кўраман деган одам Netflix, кабел телеканаллари, онлайн, кино каналлари ёки флешкада ҳам олиб келиб бемалол кўраверади. Гап хусусий телеканаллар эфири ва унинг салбий таьсири ҳақида кетяпти. Ким нима дейишидан қатъи назар, менинг шахсий фикрим шундай
», – деб ёзди Алламжонов Telegram-каналида.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойи охирида Комил Алламжонов ўзи асос солган «Миллий» телеканали эфирида хориж сериаллари камайтирилишини маълум қилганди. «Сериаллар томошабин онгига тўғридан тўғри таъсир кўрсатувчи кучли восита ҳисобланади. Агар уни меъёри бўлмаса, бу кетишда идеологик суверенитетимизни йўқотиб қўйишимиз ҳеч гап эмас», – деганди у.

Мавзу юзасидан, куни кеча Kun.uz колумнисти – Истанбул университети докторанти, киношунос Отабек Тиллаев турк сериаллари мавзусидаги туркум-таҳлилий мақолаларидан биринчисини эълон қилди. Дастлабки мақолада Туркиянинг сериал ишлаб чиқариш соҳасида жаҳонда иккинчи ўринга кўтарилиб олгани ва шунга оид қатор маълумотлар келтириб ўтилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Комил Алламжонов хусусий телеканалларни миллий сериаллар буюртмасини кўпайтиришга чақирди