08:30 / 26.03.2021
1 774

Қашқадарёда бўлажак келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мактаби очилди

Қашқадарёда бўлажак келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мактаби очилди
Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги
Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида бўлажак келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрловчи мактаб иш бошлади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди. Таъкидланишича, мактабда ёшларга биринчи дарсни туман ҳокими Зоир Алиқулов ўтган.

«Оила муқаддас. Буни англаб етган инсон, оиласининг тинчлиги ва фаровонлиги учун елиб-югуради. Аёлининг қадрига етиб, уни бахтли қилишга уринади. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, Сиз ёшларга шуни айтмоқчиманки, оила мустаҳкамлиги, эр-хотиннинг бир-бирига бўлган меҳрининг ортиши учун ҳар иккаласининг ҳам иштироки, бир-бирига бўлган ҳурмати катта аҳамият касб этади», — деган туман ҳокими эндигина турмуш қуриш иштиёқидаги ёшлар билан суҳбатда.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги
Ҳокимнинг маълумот беришича, туманда 2020 йилда оилавий ажримлар сони ортиб, 66 тага етган.

Туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Меҳри Йўлдошеванинг айтишича, мазкур марказ вилоят ҳокимининг «Оила институтини янада ривожлантириш ва ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

«Бугунги кунда оилавий ажримларнинг сони ортиб кетаётгани сабаб эндигина оила қурмоқчи бўлган ёшларга оила муқаддас эканлигини англатиб, келажакда юз бериши мумкин бўлган кўнгилсизликнинг, оилавий ажримларнинг олдини олишни мақсад қилганмиз. Дарсларимизга кўп йиллар давомида бирга истиқомат қилиб келган отахон ва онахонларимизни таклиф қилиб, оила тинчлиги ва эр-хотин ўртасидаги илиқ муносабат сирлари ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, имом хатибларни таклиф қилиб, эр-хотиннинг бир-бирига бўлган муносабати, уларнинг ўзаро ҳуқуқ-мажбуриятлари ҳақида ҳам маълумотлар берилади», — дейди Меҳри Йўлдошева.

Фото: Деҳқонобод туман ҳокимлиги
Мактаб тингловчилари — бўлғуси келин-куёвлар оила мактаби ташкил этилгани айни муддао бўлганини таъкидламоқда.

«Биз оила қуришни ният қилиб, аҳдлашгандик. Айнан туманимизда бўлғуси келин-куёвларни оилага тайёрлаш мактаби ташкил этилгани айни муддао бўлди. Оила қуришимиздан олдин оила ҳақида тушунчага эга бўлаётганимиз, келажакда биз учун катта аҳамият касб этади деб ўйлаймиз», — дейди бўлғуси келин-куёвлар Ботир Исоқов ва Нилуфар Холмирзаева.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда бўлажак келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлаш мактаби очилди