date

“Жанг ортидан жанг” фильми “Оскар”нинг бош совринларини қўлга киритди

“Жанг ортидан жанг” фильми “Оскар”нинг бош совринларини қўлга киритди

Фото: Warner Bros

Лос-Анжелес шаҳридаги машҳур Dolby театрида Америка киноакадемиясининг 98-маросими бўлиб ўтди. Ушбу нуфузли тадбирда йилнинг энг яхши киноасарлари ва киноижодкорлари тақдирланди. Маросимда энг катта ютуққа режиссёр Пол Томас Андерсон томонидан суратга олинган “Жанг ортидан жанг” (One Battle After Another, 2025) фильми эришди. У “энг яхши фильм” номинациясида “Оскар” мукофотига сазовор бўлди.

Мазкур кинолента нафақат асосий номинацияда, балки бошқа қатор йўналишларда ҳам катта муваффақиятга эришди. Пол Томас Андерсоннинг ўзи “энг яхши режиссёр” ва “энг яхши мослаштирилган сценарий муаллифи” сифатида иккита алоҳида “Оскар” статуэткасини қўлга киритди. Бу эса унинг ижодий маҳорати ва кинематографиядаги таъсирини яна бир бор намоён қилди.

Фильмда иштирок этган машҳур актёр Шон Пенн эса ўзининг кучли ва таъсирчан ижроси учун “энг яхши иккинчи пландаги эркак актёр” деб топилди. Картина яна бир муҳим йўналиш — кастинг бўйича ҳам тақдирланди. Бу эса “Оскар” маросимида янгидан жорий қилинган номинациялардан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, фильм энг яхши монтаж бўйича ҳам ғолиб бўлди. Ушбу иш учун масъул бўлган мутахассис Энди Юргенсен ҳам алоҳида эътирофга лойиқ кўрилди. Шу тариқа “Жанг ортидан жанг” фильми умумий ҳисобда олтита “Оскар” мукофотини қўлга киритиб, кечанинг энг катта ғолибига айланди.

Мазкур фильмда бош ролларни Голливуднинг таниқли юлдузлари — Леонардо Ди Каприо, Шон Пенн, Бенисио дел Торо ва Тейяна Тейлор ижро этган. Сюжет АҚШдаги сўл радикал гуруҳ аъзоларининг ҳаёти, уларнинг ғоялари ва ички зиддиятлари атрофида қурилган бўлиб, ижтимоий-сиёсий мавзуларга чуқур назар ташлайди.

Маросимда актёрлик йўналишидаги асосий мукофотлар ҳам ўз эгаларини топди. Майкл Б. Жордан “Гуноҳкорлар” (Sinners, 2025) фильмидаги роли учун энг яхши эркак актёр, Жесси Бакли эса “Ҳамнет: ‘Гамлет’га илҳом берган тарих” картинасидеги иштироки учун энг яхши актриса деб топилди.

Шу билан бирга, режиссёр Райан Куглернинг “Гуноҳкорлар” (Sinners, 2025) фильми “энг яхши оригинал сценарий” номинациясида “Оскар”га сазовор бўлди.

Иккинчи пландаги аёл роли бўйича мукофот эса Эми Мэдиганга насиб этди. У “Қуроллар” фильмидаги образи билан киноакадемия эътирофига сазовор бўлди.

Анимация соҳасида ҳам қизиқарли натижалар қайд этилди. “K-pop жин овчилари” (KPop Demon Hunters, 2025) номли фэнтези жанридаги мультфильм иккита “Оскар”энг яхши тўлиқ метражли анимацион фильм ҳамда энг яхши қўшиқ номинацияларида ғалаба қозонди.

Ҳужжатли фильмлар йўналишида эса Россия мактабларидаги ҳарбий тарғибот мавзусини очиб берган Павел Таланкин ва Дэвид Боренштейн режиссёрлигидаги “Жаноб Ҳечким Путинга қарши” (Mr. Nobody against Putin, 2025) фильми ғолиб деб топилди. У “энг яхши ҳужжатли фильм” номинациясида киноакадемия мукофотига муносиб кўрилди.

Қисқа метражли анимация соҳасида Россиялик режиссёр-аниматор Константин Бронзит томонидан ишланган “Уч опа-сингил” фильми асосий совринни қўлга кирита олмади. Ушбу номинацияда ғалаба Канаданинг “Марварид тўккан қиз” (The Girl Who Cried Pearls, 2025) анимацион фильмига насиб этди.

Шу тариқа бу йилги “Оскар” маросими нафақат катта ғалабалар, балки янги номинациялар ва турли мамлакатлар кинематографияси иштирокидаги ранг-баранг натижалари билан ҳам ёдда қолди. Кино муҳлислари учун эса бу натижалар киносаноатдаги янги тенденциялар ва ижодий йўналишлардан дарак бермоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Маданият » “Жанг ортидан жанг” фильми “Оскар”нинг бош совринларини қўлга киритди