“Тамерлан” фильми трейлери чиқди: премьера санаси маълум

Буюк саркарда Амир Темур ҳаётига бағишланган “Тамерлан” фильмининг янги трейлери томошабинларга тақдим этилди. Мазкур киноасар атрофидаги қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Тарихий мавзудаги ушбу фильмда Амир Темурнинг ҳаёти, давлат қуриш йўли ва юришлари бадиий талқинда акс эттирилгани айтилади. Трейлерда эса кенг қамровли жанг саҳналари, сарой муҳити ва ўша давр руҳини ёритувчи эпизодлар намойиш этилган.
Маълум қилинишича, фильм илк намойиши 2 апрельдан Ўзбекистон, Россия ҳамда Беларус кинотеатрларида бўлиб ўтади. Шу билан бирга, 9 апрелдан бошлаб Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Тожикистонда ҳам кенг прокатга чиқарилиши режалаштирилган.
Мутахассислар фикрича, фильм нафақат тарихий шахс образини очиб бериш, балки Марказий Осиё тарихи ва маданиятини кенг аудиторияга етказишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Трейлер чиққанидан сўнг ижтимоий тармоқларда ҳам фильмга бўлган қизиқиш анча кучайгани кузатилмоқда.
Кино ихлосмандлари эса ушбу асарни катта интиқлик билан кутмоқда. Айниқса, Амир Темур шахсиятига бағишланган янги кино лойиҳа қандай қабул қилиниши катта қизиқиш уйғотмоқда.