“Ўткир соябонлар” давоми: Томми Шелби яна саҳнага қайтди (тизер)

Барри Кеоган "Ўткир соябонлар: Ўлмас одам" фильмида, кадр: Netflix
Netflix платформасида “Ўткир соябонлар: Ўлмас одам” номли янги криминал драма тақдим этилди. Ушбу фильм машҳур “Peaky Blinders” сериалига тўлиқ метражли давом сифатида яратилган бўлиб, унда яна Киллиан Мёрфи бош ролни ижро этмоқда. Кинотанқидчи Кирилл Артамонов ушбу лойиҳанинг сифати ва уни кўришга арзийдими-йўқми экани ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Фильм воқеалари сериалнинг олтинчи мавсуми финалидан бир йил ўтгач, 1940 йилда ривожланади. Асосий қаҳрамон Томас Шелби бу сафар Бирмингемдан узоқда, ихтиёрий сургунда яшаб келмоқда. Унинг йўқлигида эса “Ўткир соябонлар” тўдаси бошқарувини унинг никоҳсиз ўғли Дюк ўз қўлига олган.
Дюк характери жиҳатидан жуда ўжар ва шижоатли. У ўзини қудратли отасининг соясидан чиқаришни истайди ва шу йўлда кўпинча қонун-қоидаларни инкор этади. Ёш етакчи ўз шериклари билан биргаликда Британия армияси учун мўлжалланган қурол-яроғ ҳамда тиббий омборларга ҳужум уюштириб, шаҳарда тартибсизлик ва қўрқув муҳитини кучайтиради.
Унинг бу каби кескин ҳаракатлари жамоатчилик орасида жиддий норозиликка сабаб бўлмоқда. Айниқса, Эйднинг холаси (Софи Рендл ижросида) Дюкни жавобгарликка тортиш тарафдори бўлиб, уни судга чиқаришни талаб қилмоқда.
Бироқ Бирмингем аҳолиси бошқа нарсани кутяпти — улар учун ҳақиқий ечим фақат битта: Томми Шелбининг қайтиши. Чунки шаҳарни тартибга солиш ва назоратни қайта тиклашга фақат у қодир, деб ҳисоблашмоқда.
Фильм мухлислар учун таниш муҳит ва кескин сюжетни янада чуқурлаштирган ҳолда тақдим этади. Янги авлод ва эски қаҳрамонлар ўртасидаги қарама-қаршилик эса асарга алоҳида драматик руҳ бағишлайди.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўткир соябонлар: Ўлмас одам” нафақат сериал ишқибозлари, балки кучли сюжет ва драматик воқеаларни яхши кўрадиган томошабинлар учун ҳам қизиқарли томоша бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!