“Ўқишдан ҳайдалиб кетай деганман…” — Дилноза Кубаева талабалик хотираларини эслади

Дилноза Кубаева “Менинг ошхонам” кўрсатувида иштирок этиб, талабалик давридаги қизиқарли ва бироз ҳижолатли воқеалар билан ўртоқлашди.
Актрисанинг айтишича, у талабалик пайтида тез-тез дарсга кеч қолиб юрарди. Бунга ҳам узоқдан қатнаши, ҳам баъзида ухлаб қолиши сабаб бўлган. Вақт ўтиши билан эса кеч қолиш одат тусига кириб қолганини тан олди.
“Бир куни жуда ноқулай ҳолатда қолдим. Устоздан яна рухсат сўраб киришга виждоним қийналди. Нима деб узр сўрашни ҳам билмай, эшик тирқишидан қараб турувдим, бир пайт курсдошим эшикни қаттиқ очиб юборди — кўзим чиқиб кетай деди. Ўша воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди”, — дея кулиб эслайди актриса.
Дилноза Кубаева, шунингдек, ўша даврда дарсларга мунтазам кечикгани сабаб ҳатто ўқишдан ҳайдалишига бир баҳя қолганини ҳам яширмади. Бироқ охир-оқибат ўқишни давом эттиришга муваффақ бўлган.
Актриса бугун бу хотираларни илиқ табассум билан эслар экан, ҳозир бу одатидан аста-секин воз кечиб бораётганини ҳам таъкидлади.