Нилуфар Усмонова: Овқат ейиш учун қўшниникига чиқардим (видео)

Хонанда Нилуфар Усмонова “Наво” телеканалидаги "Хуш келибсиз" дастурида болалик хотиралари билан ўртоқлашиб, қизиқарли ва самимий ҳикоясини сўзлаб берди.
Унинг айтишича, у ёшлигида дўсти Жамшид Бобожоновнинг уйига тез-тез бориб турган. Бунга асосий сабаб эса у ерда доимо турли хил мазали таомлар бўлиши эди.
“Ўртоғимнинг уйига кўп борардим. Чунки уларникида жуда мазали овқатлар бўларди: лағмон, хоним, норин... Бизникида эса кўпроқ парҳез таомлар тайёрланарди — сабзавотдан салатлар, исмалоқ, гуруч. Лекин бундай овқатлар болаларга унчалик ёқмайди. Менга эса сомса, қозон кабоб каби таомлар жуда ёқарди. Шунинг учун уларнинг уйи менга доимо овқатга бойдек туюларди”, — дейди хонанда.
Нилуфарнинг сўзларига кўра, ўша пайтларда улар ўзаро “сигналлар” ҳам ўйлаб топишган. Қўшни уйга бориш ёки овқат тайёр бўлганини билдириш учун турли ишоралардан фойдаланишган.
“Ўша вақтларда трубага уриб овоз чиқариб, бир-биримизга сигнал берардик. Масалан, ташқарига чиқ, уйда ҳеч ким йўқ, ёки овқат пишди деган маъноларни англатарди. Мен эса дарҳол уларникига чиқиб, лағмон ёки макарон қовурмасини мазза қилиб ердим”, — деб эслайди у.
Суҳбат давомида бошловчи хонандадан: “Парҳез овқатлар ким учун тайёрланарди?” деб сўради.
Нилуфар эса жавобан:
“Бу овқатлар онам учун тайёрланарди. Мен эса болалигимда Марғилонда бувимнинг қўлида катта бўлганман. У ерда сигир сутидан тайёрланган тандирда пишган нонларни еб улғайганман. Шунинг учун тўлақина қиз эдим. Кейин онамнинг уйига келиб, бундай парҳез овқатларни кўриб, бироз қийналганман. Шу сабаб кўпинча қўшниникига чиқиб овқатланиб келардим. Онам шўрва ичдингми? деб сўраса, ҳа дердим. Албатта, онам мени ичмаганимни ҳам, қўшниникида овқат еб келганимни ҳам биларди”, — дея сўзини якунлади хонанда.
Бу самимий хотиралар мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотиб, кўпчиликка болалик даврини эсга солди.