Раъно Ярашева қайнонаси ҳақида самимий сирларини очди (видео)

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева “Менинг ошхонам” лойиҳасида иштирок этиб, қайноналар, хусусан ўз қайнонаси билан бўлган илиқ муносабатлари ҳақида самимий хотиралари билан ўртоқлашди.
Актрисанинг айтишича, қайнонаси унга доимо меҳр билан муносабатда бўлган. “Сочларимни ювганимда жуда хурсанд бўлиб, мени қучоқлаб, ўриб қўярдилар”, — дея эслайди у.
Раъно Ярашева оиласида 5 опа-сингил бўлганини айтиб, уларнинг барчаси турмушга чиққан жойларида қайноналарини рози қилганини ҳам таъкидлади. “Иш билмасанг, гап бил”, дейишади-ку — мен ҳам гап билиб, барибир қайнонамни рози қилганман”, — дейди у кулиб.
Суҳбат давомида бошловчи актрисадан "Қайнонангиздан олган ўрнакларингизни ўз ҳаётингизда қўллаяпсизми?" деб сўради. Бу саволга жавобан у очиқ фикр билдирди: “Қайнонамдаги айрим фазилатлар менда йўқ. У киши жуда сабрли аёл эдилар. 5 ўғил ва 3 қизни катта сабр билан вояга етказганлар. Қачон нима егилари келса, эринмасдан тайёрлаб берардилар. Жуда пазанда инсон эдилар”.
“Қайнонам ҳамма нарсага сабр қилардилар — борига ҳам, йўғига ҳам. Мен эса ундай эмасман. Нимани хоҳласам, қандай бўлмасин, унга эришишим ёки уни амалга оширишим керак”, — дея фикрларини якунлади.
Мазкур суҳбат томошабинларга нафақат оилавий қадриятлар, балки келин-қайноналар ўртасидаги ҳурмат ва меҳр нақадар муҳим эканини яна бир бор эслатди.