«Ўзбекфильм» 22,9 миллион евролик кредит сабаб гаровда

«Ўзбекфильм» 22,9 миллион евролик кредит сабаб гаровда

«Ўзбекфильм» киностудиясининг 22,9 миллион евро миқдорида кредит мажбурияти бор. Шу сабабли студиянинг мол-мулки, жумладан, ер майдонлари ҳам кредит учун гаровга қўйилган. Бу ҳақда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов маълум қилди.

Маълум қилинишича, киностудиянинг солиқлар бўйича қарзи ҳам қарийб 1 миллиард сўмдан ошган. Шу сабабли унинг балансидаги 12 та автомобиль 12 кун ичида аукционга чиқарилиши хавфи мавжуд. Бундан ташқари, ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар тўпланган.

Аҳмедовнинг таъкидлашича, «Ўзбекфильм» ўз фаолиятини барқарор давом эттириши учун йилига камида 60 миллиард сўмлик буюртмаларни бажариши керак. Унинг сўзларига кўра, студия амалда давлат буюртмаларига қарам ҳолатга келиб қолган ва ҳозирча тўлиқ шаклланган бизнес модели мавжуд эмас.

Кинематография агентлиги раҳбари «Ўзбекфильм»ни нафақат қарзлардан чиқариш, балки уни тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаган. Режага кўра, студия молиявий жиҳатдан барқарор, замонавий бошқарувга эга, хусусий инвестициялар ва халқаро ҳамкорликни жалб қила оладиган миллий кино компаниясига айлантирилиши керак.

Аҳмедов «Ўзбекфильм»ни оддий киностудия эмас, балки ўзбек киносининг кўп йиллик тарихини ўзида мужассам этган муҳим муассаса сифатида баҳолаган. Шу боис асосий вазифа студияни шунчаки сақлаб қолиш эмас, балки уни янги бизнес ва бозор механизмлари асосида ривожлантириш экани қайд этилган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар