А Сериянинг 16-турини Элдор Шомуродов ўйнаётган “Специя” бошлаб беради. Юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун курашаётган лигурияликлар “Альберто Пикко” стадионида иккинчи ўринда бораётган “Интер” билан тўқнаш келади.
Айни пайтда кўпчиликни “Специя”нинг янги бош мураббийи Леонардо Семпличи қандай йўл тутиши қизиқтирмоқда. Бу мураббий қўл остида жамоа ҳали мағлубиятга учрагани йўқ. Улар анча кучли ҳисобланган “Удинезе” ва асосий рақобатчи “Верона”дан биттадан очко олди. Лекин олдиндаги рақиб анча жиддий.
Мутахассислар Семпличи кучли рақибга қарши тактик ўзгаришлар ва таркибда янгиликлар қилишини таъкидламоқда.
Флоренциялик мутахассис аввалги учрашувларда ягона марказий ҳужумчи – Мбала Нзолага таяниб таркиб танлаган эди. Анча нуфузли манба – https://www.calciomercato.com сайти эсперти Жанни Салис таҳлилига кўра, Леонардо Семпиличи “Интер”га қарши классик тактика – 4-4-2 схемасини танлайди.
Олдинги чизиқда жамоанинг асосий тўпурари Мбала Нзола билан захирада қолиб кетаётган Элдор Шомуродов илк дақиқалардан майдонга тушиши кутилмоқда.
Ўйинолди матбуот анжуманида ҳам Леонердо Семпличи ўзбек ҳужумчиси борасида аввалги айтган фикрларини такрорлади.
- Жамоа ва футболчиларнинг имкониятларини ўрганиб чиқяпман. Ҳужум чизиғидаги вазиятга ечим қидиряпман. Илк дақиқалардан ҳужум чизиғида Мбала Нзола ва Элдор Шомуродов бирга ўйнашини таъминлайдиган балансни топшимиз керак. Чунки олдинда гол урадиган футболчилар кўпроқ бўлиши муҳим.
Мен учун тактик схемалар муҳим аҳамият касб этмайди. Асосийси, футболчиларнинг имкониятлари, ҳаракатлари ва иштиёқлари. “Интер”дек буюк жамоани тўхтатиш учун таркиб масаласида энг яхши ечимни топишим керак. Бунинг учун кучли характерга эга, матонатли ва рақобатбардош жамоага айланишимиз талаб этилади, - деди Леонардо Семпличи.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Элдор Шомуродов жамоа ҳужумчилари орасида энг тезкори ва бир неча позицияда ўйнай олиши билан ажралиб туради. Бундан ташқари, ўзбек ҳужумчиси аввалги жамоаларида майдон маркази ва кўп ҳолларда ҳимояга қайтиб ўйнагани билан ҳам эътибор қозонган. Таҳлилчилар легионеримизнинг меҳнаткашлиги, курашувчанлиги, дриблинги “Интер” сингари кучли рақибларга қарши тўқнашувда қўл келиши мумкинлигини айтмоқда.
Милан клуби “Специя” учун ҳақиқатан ноқулай ва ўта жиддий рақиб. “Интер” А Серия доирасида “Специя” билан етти маротаба тўқнаш келган ва биргина учрашувда дуранг қайд этган ҳолда олти маротаба рақибни тиз чўктирган. Шунингдек, Италия кубогидаги иккита баҳс ҳам миланликларнинг устунлиги билан якунланган. Тўплар нисбатидаги устунлик ҳам бўлажак рақиб томонида – 25:6.
Демак, “Специя” ва “Интер” баҳси кўплаб кутилмаган вазиятларни тақдим этиши мумкин. Леонердо Семпличи кучли рақибга қарши қандай “совға” тайёрлагани ва у қанчалар иш беришини тез орада билиб оламиз.
Бу баҳс 10 мартдан 11 мартга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 00:45 да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг