20:34 / 22.02.2025
2 058

Сергей Богачук: "Исроил Мадримов Виржил Ортисдан кучли ва ақллироқ"

Сергей Богачук: "Исроил Мадримов Виржил Ортисдан кучли ва ақллироқ"

Биринчи ўрта вазн тоифасида собиқ вақтинчалик WBC чемпиони Сергей Богачук бугун тунда ўтказиладиган жангда кимнинг имконияти юқори экани ҳақида гапирди.

"Ўйлашимча, бу жангда Мадримов ғалаба қозонади. У Ортисга қараганда анча кучли. Унинг ҳаваскор боксдаги фаолияти ҳам муваффақиятли чиққан. Профессионалда ҳам зўр одимлаяпти. Исроил кучли ва ақллироқ. Виржилга қарши жанг ўтказган боксчи сифатида шуни айтишим мумкин, Ортиснинг жағи заиф. Бекорга уни икки бор нокдаун ҳолатига тушириб қўймаганман. Ўйлайманки, Мадримов бу жангни кўриб чиққан ва мен айтаётган камчиликларига эътибор қаратган. Исроил мен каби чап хук ва ўнг томондан бериладиган зарбаларга таянса, жангда аниқ ғалабага эришади.

Фикримча, Мадримов Ортисни жанг давомида бир-икки бор нокдаун ҳолатига тушириб, якунда ҳакамлар қарорига кўра рақибини мағлубиятга учратади. Нокаут ҳам бўлиши мумкин. Буни ҳам инкор эта олмайман. Бу менинг субъектив фикларим. Мен ўша жангда Виржилнинг зарбаларини ўзимда ҳис қилмагандим. Тана қисмим ёки бошимга ўтказиб юборган зарбалар кучсиз эди. Мадримовнинг зарбалари эса аксинча, жуда кучли. Агар у яхши позициядан аниқ ва кучли зарба бера олса, жангнинг муддатидан аввал якунланиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Ортис — яхши боксчи, у буни менга қарши жангда исботлади. Нокдаун ҳолатларидан кейин ўзига келиб, жангни давом эттира олиши мумкинлигини кўрсатди. Унда характер бор. Бу Виржилнинг ижобий жиҳатлари. Лекин Мадримов умумий олганда барибир кучлироқ кўриняпти. Тажриба эвазига у жангда ғалаба қозонади" — дея Богачукнинг сўзларини келтирди "Boxing Scene".

Эслатиб ўтамиз, украиналик боксчи ўтган йилнинг август ойида деярли тенг кечган 12 раундлик жангда Виржил Ортисга ҳакамларнинг қарори билан (113–113, 112–114, 112–114) ютқазиб қўйганди. Декабрда ўтказилиши белгиланган Мадримов - Богачук жанги эса ҳамюртимизнинг жароҳати сабаб бекор қилинганди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт