07:50 / 23.02.2025
3 254

Дмитрий Бивол Артур Бетербиевни мағлуб этди. У энди мутлақ жаҳон чемпиони!

Дмитрий Бивол Артур Бетербиевни мағлуб этди. У энди мутлақ жаҳон чемпиони!
Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида катта профессионал бокс кечаси бўлиб ўтди. Кечанинг марказий жанги ярим оғир вазндаги мутлақ жаҳон чемпиони Артур Бетербиев ва ушбу вазн тоифасининг собиқ жаҳон чемпиони Дмитрий Бивол ўртасидаги реванш бўлди. Ҳакамларнинг бўлинган қарорига кўра ушбу жангда Бивол ғалаба қозонди.

Дастлабки раундларда боксчилар бир-бирини ўрганди. Жангнинг ўрталарига келиб Бетербиев ташаббусни ўз қўлига олди ва Биволнинг бошига ҳамда танасига бир неча марта кучли зарбалар йўллади.

Еттинчи раунддан бошлаб ҳар иккала боксчи устунликни қўлга олишга ҳаракат қилди. Бивол кўп зарбали комбинациялар билан ҳужум қилди, аммо Бетербиев ҳам ўз навбатида аниқ ва кучли зарбалар билан жавоб қайтариб, мувозанатни тиклади.

Сўнгги – “чемпионлик” раундлари ҳам жуда кескин курашда ўтди. Жанг 12 раунд давом этди ва ҳакамлар боксчиларни қуйидагича баҳолади: 114-114, 116-112, 115-113 – Бивол фойдасига.

Шундай қилиб, Дмитрий Бивол ярим оғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони бўлди.

Маълумот учун, Бивол ва Бетербиев ўртасидаги биринчи жанг 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтганди ва Бетербиев ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозониб, ярим оғир вазн тоифаси (WBC, WBA) тарихида олтита чемпионлик унвонини бирлаштирган илк спортчига айланганди.

Ушбу мусобақа доирасида Исроил Мадримов ҳам жанг қилди ва ҳакамлар қарорига кўра Вержил Ортисга мағлуб бўлди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт