date
views 2 246

«Олд Траффорд»даги фантастика: «МЮ» 7 дақиқада учта гол уриб яримфиналга чиқди

«Олд Траффорд»даги фантастика: «МЮ» 7 дақиқада учта гол уриб яримфиналга чиқди
Европа лигасининг чорак финалидан ўрин олган драматик ўтган баҳсда Рубен Аморим бошчилигидаги "Манчестер Юнайтед" қўшимча бўлимларнинг сўнгги 7 дақиқасида 3 та гол уриб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Европа Лигаси. 1/4 финал
Жавоб баҳслари. 17 апрел
«Манчестер Юнайтед» — «Лион» 5:4
Голлар
: Угарте (10), Далот (45+1), Фернандеш (114, пеналти), Майну (120), Магуайр (120+1) — Толиссо (71), Ляказетт (78), Шерки (105).
«Манчестер Юнайтед» — Онана, Мазрауи (Шоу, 46), Магуайр, Йоро, Далот, Каземиро, Угарте (Маунт, 86), Доргу (Амасс, 100), Фернандеш, Гарначо (Эриксен, 100), Ҳойлунд (Майну, 86).
«Лион» — Перри, Майтленд-Найлз, Мата, Ниакате Таялфико (Чалета-Цар, 115), Толиссо, Акуоку (Тессманн, 55), Верету (Ляказетт, 55), Шерки, Алмада, Микаутадзе (Фофана, 64).
Огоҳлантиришлар: Верету (18), Толиссо (45+1), Гарначо (50), Таляфико (64), Магуайр (93), Йоро (108),
Четлатиш: Толиссо (89).
Биринчи ўйин — 2:2.

Рубен Аморим ваъда қилганидек Лиондаги биринчи ўйинда қўпол хатоларга йўл қўйгач, АПЛнинг охирги турида дам олган Онанани дарвозага қайтарди. Камерунлик футболчига рақиб яримҳимоячиси ва «МЮ»нинг собиқ футболчиси Неманя Матич билан ижтимоий тармоқдаги баҳслашувдан кейин фикрини бир жойга жамлаб олиш учун вақт керак бўлганди. Ва, айтиш мумкинки, мураббийнинг қарори оқилона эди, Онана эса жавоб ўйинида бир неча марта жамоани қутқариб қолди. Ҳисоб 1:0 эканида у Шеркининг ўта хавфли зарбасидан кейин бурчакка бораётган тўпни тўсди, кейин эса Толиссонинг кутилмаганда бурилиб йўллаган зарбасини ҳам бартараф этди. Икки эпизод ҳам — ҳафта ҳит-парадидан жой олишга лойиқ.

«Қизил иблислар» биринчи бўлимда ҳимоячиларнинг олисдан берган узатмаларига урғу қаратди. Биринчи гол Мазравийнинг шундай пасидан кейин Гарначо Угартени қулай вазиятга чиқариши билан урилди, Нуссайрнинг яна бир пасидан кейин Бруну Фернандеш йўллаган зарба эса тўсинга борди. Бундан ташқари, Магуайрнинг диагонал пасидан кейин Диогу Далот форвард позициясига чиқиб бориб, иккинчи голни урди. Португалиялик латерал бу вазиятда Таляфико билан тўп учун курашда устун келди ва тўпни олис бурчакка йўналтирди. «МЮ» ижросидаги биринчи бўлим ноодатий даражада мукаммал чиқди.

Иккинчи бўлим бошида эса Гарначо учинчи голни уриши мумкин эди. Аммо аргентиналик вингер жарима майдони ичида бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олгач, дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда тўпни унинг ўзига йўллади. Агар у бу вазиятда яхшироқ зарба берганида ўйин тақдири ҳал бўлиши мумкин эди, аммо бу ҳолда мухлислар драматик лаҳзалардан қуруқ қолган бўларди.

Паулу Фонсеки жамоаси сўнгги ўн уч учрашувда рақиб дарвозаларини камида икки мартадан ишғол этиб келаётганди ва бу серия «Олд Траффорд»да ҳам давом этди. Мезбонлар қулай ҳисобни ушлаш учун жарима майдонига қамалиб олгач, Толиссодан британча гол қабул қилиб олишди, Таляфиконинг зарбасидан кейин эса Онана тўпни фақат дарвоза чизиғини кесиб ўтганидан кейин қайтарди.

Ўйин овертаймларга ўтди ва у ерда британлар сон жиҳатдан устунликка эга эди: асосий вақт тугаётганида Толиссога иккинчи сариқ карточка кўрсатилгани туфайли «Лион» озчилик бўлиб қолди. Корентин ўйин давомида қўпол ҳаракат қилди ва олдинроқ Фернандешга қарши қўполлиги учун майдондан четлатилиши мумкин эди. Ўшанда швейцариялик ҳакам Шерер уни кечирганди. 89-дақиқада эса Йорога ортдан тегиниб, ҳужумни тўхтатганида эса лимит тугаганди.

Энг қизиқарлиси, ўн киши ҳолатида французлар ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Фофана қарши ҳужумда чап қанотга кўчди ҳамда жарима майдони ичига кириб бориб, Дало ва Шоунинг ўртасида қисилиб қолди. Агар тўп йўқотилганида вазият VAR томонидан кўрилиши ва мезбонлар дарвозасига пеналти қўйилиши мумкин эди, аммо тўпга Шерки эга чиқди ва қайтариб бўлмас зарбаси билан бурчакни ишғол этди. Кўп ўтмай Фофана барибир 11 метрлик жарима зарбаси ишлади — бу сафар у Йоро ва Шоу орасидан ўтишга уринганида англиялик ҳимоячи қўполликдан ўзини тия олмади. Ляказетт зарбани бенуқсон ижро этди.

«Юнайтед»да вазиятни ўнглаш учун ҳали «11 га 10» форматида 10 дақиқа бор эди. Алмада жарима майдони ичида тўпни олишга уриниб, Каземиронинг оёғига тепиб юборди. Ҳакам аввалига «нуқта»ни кўрсатмади. VAR-марказдаги ёрдамчилар эса уни видеотакрорни кўришга чақирди ва ҳакам қарорини ўзгартирди. Бруну ҳисобни қисқартирди - 3:4. Ўйиннинг 114-дақиқаси ўтиб бораётганди, камералар йиғлаётган болакайни кўрсатишди. Аммо у ҳали олдинда нималар кутаётганини тасаввур қила олмасди.

120-дақиқа. Каземиро Брунунинг узатмасини бир тегинишда Майнунинг йўлига ташлади. Кобби финт билан рақибни бир томонга олди ва тўпни олис бурчакка михлади. 120+1-дақиқа. Магуайр марказий ҳужумчи позициясида пайдо бўлиб, тўп учун курашда Някатедан устун келди ва Каземиронинг пасини голга айлантирди. Ўйин давомида меҳмонлар 0:2 ҳисобини 4:2 га айлантиришди. Мезбонлар эса сўнгги дақиқа ичида 2:4 ни 5:4 гача айлантира олишди. Кўпчилик бир кун олдин «Сантяго Бернабеу»да ремонтада кутганди. Бу иш эса «Олд Траффорд»да содир бўлди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » «Олд Траффорд»даги фантастика: «МЮ» 7 дақиқада учта гол уриб яримфиналга чиқди