
Клаудио Раньери бошчилигидаги «Рома» 2025 йилда Италия чемпионатида энг яхши натижани қайд этаётган жамоага айланиб улгурди. Пойтахтликларнинг бу муваффақиятида ўзбек футболчиси Элдор Шомуродовнинг ўрни алоҳида эътиборга лойиқ.
А Сериянинг 33-турида «Олимпико» стадионида бўлиб ўтган баҳсда «Рома» кучли рақиб — «Верона»ни қабул қилди ва 1:0 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритди. Мазкур учрашувда ягона ва ғалабали голни Элдор Шомуродов урди. Голдан ташқари, ўзбек легионери ўйин давомида жамоасининг ҳисобни ушлаб қолишида катта меҳнат қилди.
Айни вақтда «Рома» ўз тарихидаги энг яхши натижалардан бирига эришиб турибди — жамоа кетма-кет 17 та учрашувдан буён мағлубият нималигини билмайди. Бу давр мобайнида «бўрилар» 12 ғалаба ва 5 дуранг қайд этди. Жамоанинг А Сериядаги сўнгги мағлубияти 2024 йил 15 декабрда, сафарда «Комо»га қарши беллашувда кузатилган эди.
Бу кўрсаткич «Рома»нинг сўнгги 10 йилликдаги энг узоқ давом этган мағлубиятсиз серияси бўлиб, 2016 йилда Лучано Спаллетти қўл остида қайд этилган 17 ўйинлик серияга тенг келмоқда. Агар «Рома» келаси турда «Интер»га қарши учрашувда ҳам енгилмаса, жамоа янги рекорд ўрнатади.
Ушбу рекорд натижаларда Элдор Шомуродовнинг ҳиссаси алоҳида аҳамият касб этади. Чемпионат бошидан буён 29 ёшли ўзбек футболчиси жами 7 гол киритиб, айниқса, 2025 йилда ўзининг самарадорлигини сезиларли даражада оширди. Мавсумнинг иккинчи ярмидаги голлари билан Шомуродов жамоаси учун 7 қимматли очко олиб берди. Элдорнинг голлари эвазига «Монца» (4:0), «Верона» (1:0) мағлуб этилди ва «Ювентус» (1:1) билан дуранг қайд этилди.
«Рома» бош мураббийи Клаудио Раньери жамоанинг ушбу муваффақияти ва келажак ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди:
— Биз орзуларимиз сари ишонч билан бормоқдамиз. Ўйлайманки, жамоам бу йўлда уддалаб бўлмас ишларга қўл урмоқда. Лекин, олдинда жуда катта ва қийин ўйинлар бор — «Интер» ва «Фиорентина»га қарши фантастик баҳслар кутилмоқда. Бу ўйинларда ҳам натижага эришиш учун кўп меҳнат қилиш керак.
Бир нарсани аниқ айтиш керакки, мен мавсум охирида жамоани тарк этаман. Бу қарорим тўғри. «Рома»га янги мураббий керак ва унга жамоани ўз услубига мослаштириш учун вақт зарур. Мен яна қоладиган бўлсам, жамоа бир йил вақт йўқотади. Буни хоҳламайман. Янги мураббийга ўрин бўшатиб беришим керак.
Эътиборлиси шундаки, қишки трансферлар вақтида Шомуродовнинг «Венеция»га ўтиши қарийб ҳал бўлган эди. Лекин айнан Клаудио Раньери Элдорни жамоага жуда кераклигини таъкидлаб, ўзбек форвардини қолдирганди.
Экспертлар фикрича, Шомуродов майдонда кам гол урса-да, у жамоавий ўйинга катта таъсир кўрсатиб, умумий натижада муҳим роль ўйнаяпти. Ҳозирги кунда Шомуродов «Рома»нинг ажралмас фигурасига айлангани ҳамда унинг келажакдаги фаолияти ҳам қизиқарли давом этиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар