date
views 2 089

БАА – Ўзбекистон: БАА футболи эксперти билан эксклюзив таҳлилий суҳбат

БАА – Ўзбекистон: БАА футболи эксперти билан эксклюзив таҳлилий суҳбат
Бугунги кечада Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААга қарши Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи беллашувини ўтказади. Мазкур ўйин олдидан амирлик таниқли спорт журналисти Жон Маклэй билан суҳбатлашиб, рақибнинг ҳозирги аҳволи ва имкониятлари ҳақида гаплашдик.

– Жон, яна бир марта сиз билан учрашиб турганимиздан жуда хурсандман.
– Салом, дўстим! Сени Дубайда кўриб турганимдан мен ҳам хурсандман.

– Футболга ўтсак. БАА терма жамоасининг ҳозирги аҳволини қандай баҳолайсиз? Яқинда бўлган мураббий ўзгариши қай даражада таъсир кўрсатди?
– Жамоа март ойидан бери ўйинга тушгани йўқ. Сўнгги марта Шимолий Кореяга қарши жароҳатлар билан тўла бўлган таркиб билан ўйнаб, муҳим ғалабага эришишди ва ЖЧга чиқиш умидларини сақлаб қолишди. Тўғри, натижа нуқтаи назаридан мураббий ўзгариши ҳали таъсирини кўрсатмади, чунки Космин Олариу жамоани расмий ўйинда бошқаргани йўқ. Лекин унинг келиши футболчиларга катта руҳий кўмак берди.

– Мураббий ўзгарганидан сўнг таркибда жиддий ўзгаришлар содир бўлдими?
– Космин Олариу ҳар доим ҳимоявий тактика билан ишлайди. Ўзбекистон учун бу ҳолат қийинчилик туғдириши мумкин. Шунингдек, Космин ўз клуби "Шаржа"дан бир нечта футболчиларни чақириб олди. Бу эса табиий ҳол, чунки у ушбу ўйинчиларни яхши танийди.

– Бу вазиятда БАА қандай натижага умид қилмоқда?
– Ҳам жамоа, ҳам мухлислар фақат ғалаба уларга жаҳон чемпионатига чиқиш учун имконият яратишини яхши билишади. Шу сабабдан БАА Ўзбекистонга қарши жангга жуда жиддий ва эртадан тайёргарлик кўрмоқда.

– БАА терма жамоасининг кучли ва заиф томонлари ҳақида қандай фикрдасиз? Икки терма жамоани солиштирган ҳолда, қай бири яхшироқ вазиятда ўйинга киришяпти деб ўйлайсиз?
– Ўзбекистон миллий жамоасининг бутун Осиёдаги мавқеи сўнгги йилларда анча юқорилади. Ёш футболчиларнинг ютуқлари ва асосий таркибнинг яхши ўйинлари буни тасдиқламоқда. Элдор Шомуродов ва Аббосбек Ҳусанов каби Европада ўзини кўрсатаётган футболчилар борлиги БААни хавотирга солмоқда. Улар бу вазиятдан хабардор ва эҳтиёткор.

– БААда жамоанинг руҳий ҳолати қандай? Улар Ўзбекистонга қарши ғалаба қозонишга қанчалик ишонмоқда?
– Руҳий тайёргарлик юқори даражада. Агар Ўзбекистон устидан ғалаба қозонилса, улар ЖЧ йўлланмаси учун охирги турда Қирғизистон билан ҳал қилувчи ўйинга тушади. Бу эса улар учун жуда кучли мотивациядир.

– Янги бош мураббий ҳақида фикрингиз қандай? Олариу БААни қандай натижаларга олиб чиқиши мумкин деб ўйлайсиз?
– Космин БАА футболидаги энг яхши мураббийлардан бири ва мухлисларга анча таниш шахс. У амирлик футболида анча йиллардан бери ишламоқда ва кўплаб муваффақиятларга эришган. Албатта, у ҳам идеал эмас. Олариунинг тактикасида ҳам заиф томонлар бор, лекин унинг асосий кучи мотивацион қобилиятидир.

– Бу қадар муҳим вақтда мураббийни ўзгартириш тўғри қарор бўлдими? Пауло Бентуга имконият бериш керак эмасмиди?
– Бу жуда қийин қарор бўлди. Кўпчилик Бенту жамоани етарлича юқори савияга олиб чиқа олмаган деб ўйлади. Футболчилар эса у билан ишлашни исташган эди, лекин натижаларни ўзгартириш кераклиги аниқ бўлди. Шунинг учун Космин Олариу каби тажрибали мураббийни жалб қилишга қарор қилинди.

– Янги мураббий айнан шу ўйин натижасига қандай таъсир кўрсатади деб ўйлайсиз?
– Космин жамоанинг ҳимоявий ўйинини яхшилаши керак. Лекин унинг энг катта ютуғи футболчиларни руҳлантира олиш қобилиятидир. Бу, албатта, жамоа учун катта устунлик бўлади.

– Элдор Шомуродов каби ўйинчиларнинг рақибда бўлиши БАА учун қанчалик муаммо туғдиради? Улар ўз таркибида бу каби футболчиларга эгами?
– Шомуродов ва Ҳусановнинг даражасини ҳисобга олсак, БАА таркибида Холид Эйса каби тажрибали дарвозабон ва Фабио Де Лима, Маркус Мелони, Хариб Абдулла каби ҳужумкор футболчилар бор. Улар ҳам вазиятдан унумли фойдаланиши мумкин бўлган ўйинчилардир.

– Сўнгги савол. Эртанги ўйинга қандай тахмин берасиз?
– Менимча, БАА учун бу ўйин қийин кечади. Ўйлайманки, дуранг қайд этилади. Дуранг ҳам БАА учун яхши натижа ҳисобланади, чунки Ўзбекистон жуда кучли рақиб. Сизнинг терма жамоангиз учун ҳам бу ёмон натижа бўлмайди деб ҳисоблайман.

- Суҳбат учун катта раҳмат, Жон.
– Сизга ҳам катта раҳмат ва Ўзбекистонга омад тилайман!

Абдулвосит Бектемиров суҳбатлашди

Манба: championat.asia
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » БАА – Ўзбекистон: БАА футболи эксперти билан эксклюзив таҳлилий суҳбат